Аҳмад Масъуд “Толибон”га қарши кураш учун Ғарбдан ёрдам сўради
Олам
−
19 Август 2021
26629Афғонистоннинг “Толибон” назоратига ўтмаган Панжшер вилоятини назорат қилиб, радикал ҳаракатга қаршилик кўрсатаётганлар Ғарбдан қурол етказиб беришни сўрамоқда. Қаршилик ҳаракати етакчиси Аҳмад Масъуд (ўтган асрнинг 80-90-йилларида СССР қўшинларига ва кейинроқ “Толибон”га қарши курашган мужоҳидлар лидери Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли) шундай баёнот билан чиққан.
“Washington Post”да эълон қилинган баёнотда Масъуд АҚШ ва унинг иттифоқчилари “жанг майдони”ни тарк этганини, аммо Америка ҳамон “демократиянинг буюк арсенали” бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Шу мақсадда мен Афғонистоннинг Ғарбдаги дўстларидан Вашингтон ва Нью-Йоркда, Конгресс ва Байден (АҚШ Президенти) маъмурияти қаршисида, мен таҳсил олган Лондонда, шу йил баҳорда Елисей саройи майдонида отамнинг хотираси ёд этилган Парижда бизни ҳимоя қилишларини сўрайман”, деган Аҳмад Масъуд.
Масъуд унинг чақириғига жавоб берган Афғонистон армияси қурол ва ускуналар билан Панжшерга келаётганини айтган. Улар қаторида махсус топшириқлар бўлинмаси аскарлари ҳам бор.
“Нима бўлишидан қатъий назар, мен ва менинг мужоҳид жангчиларим Aфғонистон озодлигининг охирги таянчи сифатида Панжшерни ҳимоя қиламиз. Бизнинг жанговар руҳимиз мустаҳкам. Бизни нима кутаётганини ўз тажрибамиздан биламиз. Лекин бизга кўпроқ қурол, ўқ -дорилар ва қўшимча ускуналар керак”, деган кичик Масъуд.
Эслатиб ўтамиз, Панжшер вилояти Афғонистоннинг “Толибон” назоратига ўтмаган ягона ҳудуд бўлиб турибди. Вилоятга шунингдек, Ашраф Ғанидан кейин ўзини Афғонистоннинг вақтинчалик Президенти, деб эълон қилган Амрулла Солиҳ ҳам етиб келган.
Аввалроқ, қаршилик ҳаракати “Толибон” позицияларига ҳужум қилиб, Қобул шимолидаги Чорикор туманини толиблардан қайтариб олгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси