20 йиллик миссия тугади. АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк этди
Олам
−
31 Август 2021
10633Америка Қўшма Штатлари Афғонистондаги америкаликларни эвакуация қилишни якунлаб, барча қўшинларини олиб чиқиб кетди. Шу тариқа АҚШнинг 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин Афғонистонда бошлаган ҳарбий миссияси якунланланди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги бошлиғи генерал Кеннет Маккензи маълум қилди.
“Мен Афғонистондан қўшинларимизни олиб чиқиш ва Америка ҳамда бошқа давлатлар фуқароларини, шунингдек, қийин вазиятдаги афғонларни эвакуация қилиш якунланганини эълон қилиш учун шу ердаман”, деган Маккензи.
Генералнинг сўзларига кўра, бу 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин Афғонистонда бошланган миссия якунланганини англатади.
Қобулдан учган сўнгги самолётда АҚШнинг Афғонистондаги вақтинчалик ишончли вакили Росс Уилсон ҳам бўлган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ “Толибон” билан музокараларда Афғонистондаги қўшинларини сентябргача олиб кетишга ваъда берганди. Аммо Президент Жо Байден эвакуация ишлари вақтида якунланмаса, бу муддат чўзилишини айтганди.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.
Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.
Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.
Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.