14 ҳарбийнинг ўлими бўйича 5 нафар мулозим ҳибсга олинди
Олам
−
19:37 3006 2 дақиқа
Қозоғистонда машғулотлар чоғида 14 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлиши ортидан Мудофаа вазирлигининг беш нафар мансабдор шахси қўлга олинди. Бу ҳақда бугун, 25 сентябрь куни мамлакат Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
“Хизматга совуққонлик билан қараш ва кемани бошқариш қоидаларини бузиш, оғир оқибатларга олиб келиш билан боғлиқ жиноий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда гумонланиб, Қозоғистон Республикаси Қуролли кучларининг олий ва катта қўмондонлик таркибидаги масъул мансабдор шахслари қўлга олинди”, дейилади вазирликнинг Telegram-каналидаги хабарида.
Қўлга олинганлар орасида Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари, икки нафар ҳарбий қисм командири, денгиз пиёдалари ротаси ва катер командирлари бор. Уларнинг барчаси гумонланувчи деб топилиб, Оқтау шаҳар полиция бошқармасининг вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Манғистаудаги фожиа
Кеча, 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.
Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.
Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган.
Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади.
Live
Барчаси