Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
13:09 1134 2 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Каспий денгизи ҳудудида машғулотлар пайтида ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлгани муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот котиби маълум қилди.
Ўзбекистон раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик тилаган.
Манғистаудаги фожиа
Кеча, 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-деңгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.
Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Фожиа бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов олиб борилмоқда.
Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган.
Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Кейинроқ Манғистау вилояти ҳокимлиги Каспий денгизидаги фожиа оқибатида ҳалок бўлганлар сони 12 кишига етганини маълум қилди.
Live
Барчаси