1 августдан нималар ўзгаради?
Жамият
−
30 июл 14150 5 дақиқа
Автокредитлардаги чегирма, бошланғич таълимга электрон қабул, меҳнат низолари учун таъсис этилаётган алоҳида ихтисослашган судлар, чавоқлантирилаётган шаҳар сув ҳавзалари ҳамда автомобилларни жарима майдончаларидан QR-код ёрдамида чиқариш амалиёти: Ўзбекистонда 1 августдан нималар ўзгаради? Қуйида QALAMPIR.UZ шулар ҳақида сўз юритади.
Автокредитларнинг бир қисми қопланади
Жорий йилнинг 1 августидан бошлаб аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “trade-in” дастури доирасида эскирган автотранспорт воситаларини топширган жисмоний ва юридик шахсларга янги транспорт воситаларини харид қилиш учун автокредит фоизининг бир қисмини қоплаб бериш амалиёти йўлга қўйилади.
Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 25 март куни қабул қилинган “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 46-сонли фармонида белгиланган бўлиб, унда жорий йилнинг майидан бошлаб ҳар ойнинг 10 ва 25-саналарида “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб борилиши ҳам белгиланган эди.
Бошланғичга қабул электрон бўлади
Ўзбекистонда 2026-2027 ўқув йили учун умумий ўрта таълим мактабларининг 1-синфига қабул жараёнлари тўлиқ электрон шаклда амалга оширилади. Бунда қабул жараёнлари икки босқичда амалга оширилади. Унга кўра, жорий йилдан бошлаб 20 июнь – 31 июль оралиғида микроҳудуд доирасида ҳамда 1 август – 31 август саналари оралиғида микроҳудуддан ташқарида онлайн тарзда аризалар қабул қилинади.
Аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва my.maktab.uz орқали топширилади.
Янги ўқув йили учун қабул ёши анъанага мувофиқ 7 ёшга тўлган болалар, яъни 2026-2027 ўқув йили учун 2019 йил 31 декабргача туғилганлар учун белгиланган. Айтайлик, онлайн қабулдаги танловда сиз яшайдиган ҳудуд топилмаса, қабул оддий тартибда мактаблар томонидан амалга оширилади. Қолаверса, қабул жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида барча маълумотлар мактабларда очиқ эълон қилинади.
Бундан ташқари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2026 йил апрель ойидаги ахборотига кўра, 12 номдаги ўқув қуроллари бўлган Президент совғалари жорий йилнинг 20 августига қадар барча мактабларга етказилади.
Камёб ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади
Ҳукуматнинг 2026 йил 30 июнь куни қабул қилинган “Ҳайвонот дунёси йўқотишларининг ўрнини қоплаш ҳамда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ҳимоя қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 343-сонли қарорига биноан, 2026 йил 1 августдан 2028 йил 1 январга қадар мазкур қарор иловасида белгиланган Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш тақиқланади.
Бунда:
- ушбу чеклов фермалар, питомниклар, инкубаторлар, балиқчилик питомниклари ва ҳовуз хўжаликларида сақланаётган ва (ёки) етиштирилаётган ёввойи ҳайвонларни ов қилиш, шунингдек, илмий ва тиббий мақсадларда фойдаланиш учун ов қилишга нисбатан татбиқ этилмайди;
- ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни шакллантириш ва тақсимлашда ов қилиш тақиқланган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган ёввойи ҳайвонлар турларига нисбатан квота ажратилишига йўл қўйилмайди.
Шаҳарлардан ўтувчи сув ҳавзаларига балиқ ташлаш бошланади
Шунингдек, ҳукуматнинг мазкур 343-сонли қарорига биноан, 1 августдан бошлаб, 4 йил давомида республиканинг марказий шаҳарларидан оқиб ўтувчи дарё ва сойларини чавоқлантириш бошланади.
Бунда чавоқлантириш 2026 йил 1 августдан 2030 йил 1 январга қадар давом этади. Ҳар йили жами 15 тоннадан кам бўлмаган миқдорда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда Фанлар академияси томонидан тузиладиган рўйхат асосида чавоқлантирилади.
Автомобилни жарима майдончасидан QR-код ёрдамида қайтариш мумкин
2026 йил 1 августдан транспортларни жарима майдончаларидан чиқариб юбориш бўйича рухсатнома фақат маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган ва ижро органи томонидан “Жарима майдончаси” ахборот тизимида QR-код билан тасдиқланади ва электрон тарзда юборилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг “Бозорлар ва савдо комплексларида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда маиший коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жорий йилнинг 2 июль куни қабул қилинган.
Меҳнат низоларини ихтисослашган судьялар кўришни бошлайди
Олий суд Раёсати томонидан қабул қилинган “Фуқаролик ишлари бўйича судларда меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳақида”ги қарорга биноан, Ўзбекистонда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг мавжуд штат бирликлари доирасида 2026 йил 1 августдан бошлаб меҳнат низоларини кўришга ихтисослашган судьялар фаолияти йўлга қўйилади.
Яъни, эндиликда Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида – 4 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатларида – 3 нафардан удья фаолият юритади.
Шунингдек, Фуқаролик ишлари бўйича ҳудудий туманлараро судларида 2 нафардан, фақат Каттақўрғон, Ўртачирчиқ ва Янгийўл туманлараро судларида 1 нафардан судьялар фаолият олиб боради.
Судларга 2026 йил 1 августдан кейин келиб тушган меҳнат низолари билан боғлиқ аризалар ихтисослашган судьялар ўртасида тақсимланади. 2026 йил 31 июлгача келиб тушган, шу жумладан, иш юритувига қабул қилинган ишлар 2026 йил 1 августга қадар амалда бўлган тартибда кўриб якунланади.
Гўшт импортига субсидия ажратиш муддати узайтирилади
Президентнинг жорий йилнинг 7 апрель куни қабул қилинган “Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, гўшт маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлашга қаратилган бюджетидан вақтинчалик субсидиялар ажратилиши белгиланган эди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан 1 августга қадар тадбиркорларга мол ва қўй гўштини импорт қилишда, уларни ҳаво транспортида ташиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ ҳар бир килограмм гўшт учун 0,8 АҚШ долларидан ошмаган миқдорда субсидия ажратилиши белгиланганди.
Бироқ 21 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, гўштни самолётда олиб келиш бўйича имтиёз йил якунигача узайтириладиган бўлди.
Live
Барчаси