ССВ “наглым образом” ўлим сонини яширяптими? Вазирликнинг беўхшов маълумотлари ортида нима бор?
Жамият
−
23 Июль 2020
28235Коронавирус билан боғлиқ вазият устидан назоратни тобора қўлдан бой бериб бораётган Соғлиқни сақлаш вазирлиги охирги вақтларда ўзи эълон қилаётган маълумотларнинг ўзаро мослигига ҳам эътибор бермай қўйган кўринади. Негаки, вазирликнинг касаллик аниқлангани ва ўлим ҳолати қайд этилгани тўғрисидаги маълумотлари мос эмас. Бу ҳақда Блогер Муҳрим Аъзамхўжаев фактлар билан пост қолдирди.
Муҳрим Аъзамхўжаев гапни ССВ бир ҳафтадан ортиқ давом этган “кунига тўрт ўлим” анъанасини бас қилганидан бошлаган.
Дарҳақиқат кеча, 22 июль куни коронавирус сабаб уч киши вафот этгани расман эълон қилинди. Аммо негадир Қорақалпоғистондаги прокурор вафоти бўйича ахборот берилмади.
“Ушбу ҳолатлар айнан қайси санада юз бергани, ҳар доимгидек, маълум қилинмаган (балки кеча, балки ўтган куни, балки бир неча кун аввал вафот этгандир бу беморлар)”, дейди блогер вазирликда маълумотлар борасида очиқлик етишмаслигини кўрсатиб.
Шундан сўнг, у тўғридан тўғри ўлим ва касалланиш ҳолатлари санаси мос эмаслигини фактлар билан кўрсатиб берган.
“Кеча эълон қилинган биринчи ва учинчи ўлим ҳолатида қизиқ жиҳат бор. ССВ Нукусда яшаган 42 ёшли Б.Д. исмли эркак коронавирус асоратлари оқибатида вафот этганини эълон қиларкан, унда 3 июль куни COVID-19 аниқланганини ёзган. Ваҳоланки, ССВ томонидан ҳар куни эълон қилиб борилаётган кунлик ҳисоботда 2 июль—6 июль кунлари (жумладан, 3 июль куни ҳам) Қорақалпоғистонда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилгани маълум қилинмаган эди.
ССВнинг кечаги ахборотига кўра, Термизда шаҳрида яшаган 40 ёшли Т.Х. исмли эркак коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган. Вазирликнинг алоҳида қайд этишича, Т.Х.да коронавирус инфекцияси 12 июль куни тасдиқланган. Қизиғи, ССВнинг 11, 12, 13 июль саналаридаги кунлик касалланиш ҳолатлари бўйича ҳисоботларида Сурхондарё вилоятида коронавирусга чалинган янги беморлар аниқлангани маълум қилинмаган эди”, дейди Аъзамхўжаев.
ССВнинг статистикани очиқ эълон қилаётгани такрор ва такрор турли расмийлар томонидан айтилмоқда. Аммо гап қаердаю факт қаерда? Асосийси, бу бошқа бирор ташкилотнинг ўз ходими ўлими ҳақида берган маълумотлари билан солиштирилмаяпти. Келтирилган фактларнинг асоси ССВ эълон қилган ахборотлардир.
Ҳозиргача ССВ берган расмий маълумотларга кўра, 18 703 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 10 002 нафари соғайган ва 100 нафари вафот этган. Ҳозирда 8 601 киши даволаняпти. Аммо бу расмий маълумотлар. Жамоатчиликка ССВ эълон қилмаган ўлим ҳолатлари ҳам маълум бўлиб улгурган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь