Маттарелла қизи билан Хоразмга борди
Жамият
−
11 Ноябрь 2023
9484Ўзбекистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла ва унинг қизи Лаура Маттарелла бугун, 11 ноябрь куни Хоразмга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Урганч халқаро аэропортида меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева, Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов ҳамда Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов кутиб олган.
Италия Президенти Хивадаги “Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг тарихий-маданий ёдгорликлари билан танишиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Самарқандга бориб, Регистон майдонини томоша қилганди.
Маълумот учун, 9 ноябрь куни Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла қизи Лаура Маттарелла билан бирга Ўзбекистонга келганди. Уларни Тошкент халқаро аэропортида Бош вазир Абдулла Арипов кутиб олди. Бугун, 10 ноябрь куни эрталаб Сержо ва Лаура Маттареллалар Абдулла Арипов ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Кейинчалик Кўксарой қароргоҳида Италия Президенти Сержо Маттареллани расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Маросимдан сўнг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелла Кўксарой қароргоҳида икки томонлама музокара ўтказди. Ундан кейин эса икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди.