Университет маъмурияти ва бошқа органлардан босимлар бўлди – “замдекан” тажовуз қилган талаба
Жамият
−
21 Декабрь 2021
56199Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари лавозимида ишловчи Боғабек Йўлдошев нафақат Муштарий Комиловага балки, унинг бошқа курсдошларига ҳам турли сўзлар билан шилқимлик қилган. Бу ҳақда бугун, 21 декабрь куни талаба Муштарий Комилова “Тошкент ёшлар форуми-2021”да ўтказилган “Аёллар форуми”даги нутқида маълум қилди.
“Ўтган Янги йил байрамида ўзимга янги ноутбукли бўлишни тилаган эдим. Лекин ўрнига ногиронлик аравачасига эга бўлдим. Бу йилги Янги йилни шу аравачада ўтириб кутиб олишимни ҳеч ҳам ўйламагандим. Дўстларим, севимли ишим, ўқишим ва келажак учун катта режаларим бор эди. Аммо жорий йилнинг 18 октябрь куни саноқли сонияларда ҳаммасини йўқотдим.
Менинг орзуларим ва ҳаётимни ўғирлаган инсоннинг исми — Боғабек Йўлдошев. Университетимда декан ўринбосари лавозимида ишлаган, менинг номусимга тегишга ҳаракат қилиб, сўнг деразадан улоқтирди. Ўша пайтда “Бирон суягим омон қолмаган”, деб ўйладим, оғриқ шу қадар кучли эди. Баъзан, ҳозир уйғонаман-у, барчаси оддий туш бўлиб чиқадигандай туюлади”, дейди Муштарий.
У сўзи давомида, бўлиб ўтган воқеадан сўнг университет, шунингдек бошқа органдан вакиллар келиб, унга босим ўтказишга ҳаракат қилганини айтди. Шунингдек, унга бир қанча одам Боғабек Йўлдошев унинг курсдошига ҳам шилқимлик қилганини ёзгани ҳақида гапириб ўтди.
“Ўша фожиадан кейин университет маъмурияти, бошқа органлардан қандайдир одамлар келиб, менга босим ўтказишга ҳаракат қилди. Ва бу ишни ёпди-ёпди қилмоқчи бўлишди. Мен шифохонада ётганимда, “замдекан”нинг қариндошлари, танишлари келишди, шунингдек унинг рафиқаси келиб уларнинг оиласига жабр қилмаслигимни сўради. Уларнинг фикрича, биз уларни тушунишимиз керак. Лекин менинг ҳолатимга биронтаси киришга тайёрми? Мен ва у ифлоснинг қўлидан азият чеккан кўплаб қизларнинг ҳолатини улар тушунишни истармикан? Кўзимни юмсам, ўша кун оғриғини ҳис қиламан. Ўша эркакнинг ҳам қизлари бор-ку, менга ўша ифлос ҳаракатларни қилаётганда кўз олдига қизлари келмадими?”, дейди у.
Муштарий Комилова воқеа оммага эълон қилингач, унга қарши хабарлар, турли бўҳтонлар тарқалгани, ҳатто шантаж қилишда айблаганлар ҳам топилгани ҳақида гапирди.
“Сукут сақлама” лойиҳасига мурожаат қилганимдан кейин мени эшитишди. Ички ишларда тегажоғлик ҳақида иш қўзғатилди, “замдекан”ни ҳибсга олишди. Ҳатто Саида Мирзиёева “Лекин жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз” деб айтган эди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда менга қарши кампания авж олди. Сукут сақламаганим учун мени айблашарди. Лекин айрим машҳур инсонларнинг бўлган воқеани гўёки мен шантаж учун ташкиллаштирганим ҳақида бўҳтонлари ҳаммасидан ошиб тушди”, дейди талаба қиз.
Муштарийнинг айтишича, бугунги кунга қадар декан ўринбосарининг оила аъзолари унга пул таклиф қилиб, келишишни сўрамоқда. Ҳатто, Муштарийга қимматбаҳо машина ҳам таклиф қилинган.
“Биз у оиладан ҳеч нарса ундирмаганмиз, ундирмаймиз ҳам. Ваҳоланки, улар ҳалигача бизга чиқиб, ярашишни сўрашмоқда. Менинг оилам улардан бир тийин ҳам олмайди ва мен аризамни қайтариб олмайман. Мени шантажда айблаганлар, қараб қўйинг, мана, олдингиздаман. Айтганингиздай мақсадим пул бўлганида, бу ерга келмасдан қимматбаҳо машинада юрардим, ўз уйимда ўтирардим. Сукут сақлашимнинг нархини шунга баҳолашди.
Бизга моддий кўмакни бутунлай бегона инсонлар кўрсатди. Менга шунингдек, онамнинг ҳамкасблари ёрдам берди. Мен Ҳунармандлар ҳамжамияти ва USAID дастурини мени қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек университет факультети бу йилги контракт пулини тўлашни таклиф қилди. Лекин яна бир бор айтаман, мен “замдекан”нинг оиласидан ҳеч қандай моддий манфаат олган эмасман!
Ўша кунги оғриқни ҳанузгача ҳис қилмоқдаман. Бу нафақат жисмоний, балки руҳий оғриқдир. Ўша одам жазосини олиши керак. Мен адолатга ишонаман. Менинг ҳикоям – минглаб қизлар ҳикояси. Лекин мен ҳақиқатни айтишга журъат топдим ва охиригача бораман.
Тегажоғлик қилаётган одамлар мени эшитишини хоҳлайман. Жазо – муқаррар. Биз менталитетни баҳона қилиб сукут сақламаслигимиз керак. Ва мен адолатни талаб қилишдан уялмайман. Мен шу ердаман. Олдингидай эмас, лекин ҳаётман. Сукут сақламанг”, деб сўзини якунлади Муштарий Комилова.
Маълумот учун, жабрланувчи Муштарибону Комилованинг иддаосига кўра, у жорий йилнинг 18 октябрь куни “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Шу билан бирга, декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев тергов вақтида талаба қизнинг ўзи йигитидан қўрқиб деразадан сакраганини айтган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, “талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо” эканини таъкидлаган.
LiveБарчаси