Қиз йигитидан қўрқиб, ойнадан сакраган – Сўз тажовузда айбланган “замдекан”га
Жамият
−
28 Октябрь 2021
130768Аввалроқ, Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курсида таҳсил олувчи талаба қизга декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, ниятига етолмагач уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабар бергандик.
Талаба қизнинг онаси “UzReport” телеканалига берган интервюьсида тергов пайти декан ўринбосари ушбу ишда қизини айблаганини маълум қилди.
“У (декан ўринбосари)нинг терговда айтишича, менинг қизим унинг хонасига кириб, калитни олиб, хонани қулфлаб олган эмиш. Қизимнинг йигити келиб қолиб, рашқ қилганидан кейин қаерга беркинишини билмасдан, деразадан ўзини ташлаб юборган эмиш.
Менинг қизим ҳали ҳаётга тўймаган, қувноқ қиз. Қизим ижодкор қиз, у ҳали бунақа нарсалар ҳақида ўйламайди. Чунки оиламиз – ўқимишли оила: ҳаммамиз ўқитувчимиз. Шунинг учун ҳам қизим унга ишониб, хонасига кирган”, дейди талаба Муштарийбону Комилованинг онаси.
Эслатиб ўтамиз, жабрланувчи Муштарибону Комилованинг иддаосига кўра, у жорий йилнинг 18 октябрь куни “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, “талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо” эканини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь