“Талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо”. Мирзиёева педагогика университетидаги зўравонлик ҳақида
Жамият
−
27 Октябрь 2021
15414Аввалроқ, Тошкент давлат педагогика университетининг 3-курсида таҳсил олувчи талаба қизга декан ўринбосари тегажоғлик қилиб, ниятига етолмагач уни деразадан итариб юборгани ҳақида хабар бергандик.
Ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева қуйидагича муносабат билдирди:
“ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) – жиддий муаммо, Педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа бунинг яққол далилидир. Лекин, жамоатчиликка ошкор этилаётган бу каби ҳолатлар денгиздан томчи эканини барчамиз англаб турибмиз. Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазъйиқ ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча! Жабрдийданинг ўзини айблаб, терговни “ёпти-ёпти” қилиб юборилган ҳолатлар қанча! Қанчадан-қанча жиноятчилар ожизани муросага кўндиргани ёки қўрқитиб қўйгани учун сувдан қуруқ чиққан?”, дея ёзади Мирзиёева.
У, шунингдек, жамиятда бош кўтараётган ушбу муаммо ҳақида кўп ўйлаётгани ҳамда бу борада бир қатор давлат бошқарув институтлари ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожлик борлигини қайд этган.
“Айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаяпман. Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз. Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт. Зўравонлик қурбонлари уларнинг нидосини эшитадиганлар ва ёрдам берадиганлар борлигига ишончи комил бўлиши, зўравонлар эса жазо муқаррар эканлигини англаши зарур.
Шунда нафақат ўқишдан ҳайдаш ёки бошқа баҳоналар билан ОТМ талаба қизларига таҳдид қилишга, балки исталган бошқа жойда ҳам лавозим ва мавқеини суистеъмол қилиш билан қонунни бузишга йўл қўйилмайди”, дея ёзади у.
Мирзиёева, шунингдек, Тошкент давлат педагогика университетида юз берган ушбу ҳолатни жамоатчилик назоратига олиб чиққан ОАВ фаолиятини олқишлаган.
“Менимча, қиз-аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бундай ОАВ фаолияти – катта муваффақият ҳамда адолатсизлик ва сексизмга тоқат қилишни истамайдиганларнинг сўнгги умидидир. Фонд ушбу йўналишда фаолият юритаётган бундай оммавий ахборот воситаларини олқишлаши ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашини таъкидламоқчиман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 октябрь куни Муштарибону Камилова “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси