Ҳоқон Фидан ҲАМАС вакиллари билан учрашди

Олам

image

Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан кеча, 6 декабрь куни Қатар пойтахти Доҳада ҲАМАС сиёсий бюроси аъзолари билан учрашди. Бу ҳақда Туркия ТИВнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида маълум қилинди.

Вазирлик учрашувда нималар муҳокама қилингани ва нималарга эришилгани тўғрисида батафсил маълумот бермаган.

Фидан Доҳадаги учрашувлари доирасида бугун, 7 декабрь куни бошланадиган 22-Доҳа форумида иштирок этади ва форум доирасида мавқедошлари билан музокаралар олиб боради. Вазир Россия Федерацияси ва Эрон Ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтиши кутилаётган Остона форматидаги йиғилишда ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Қатар ҳукумати Ғазо секторида сулҳ тузиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда воситачилик ролидан воз кечиб, ҲАМАС ҳаракатини ўз идорасини Доҳадан кўчириш зарурлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

19 ноябрь куни Қатар Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мажид бин Муҳаммад аль-Ансарий ҲАМАСнинг Ғазо бўйича музокаралар гуруҳи аъзолари Дохада эмаслигини маълум қилган. Шунингдек, у ҲАМАС сиёсий бюроси офиси Қатарда мулоқот учун жойлашганини, воситачилик функциялари бўлмаса, ҳаракат ваколатхонаси мавжуд бўлишига зарурат кўрилмаётганини таъкидлаган. 

Шундан сўнг, “The Times of Israel” нашри исми ошкор этилмаган араб дипломатик манбасига таяниб, ҲАМАСнинг юқори лавозимли раҳбарлари Қатар воситачиликни тўхтатганидан сўнг Туркияга кетганини ёзганди. Ушбу хабар кейинчалик ҲАМАС ва Туркия ташқи ишлар вазирлиги томонидан рад этилган. Кейинроқ “Sky News Arabia” телеканали Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюросининг барча аъзолари оилалари билан бирга Қатардан чиқиб кетгани ҳақида хабар берганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг