Ҳиндистон коинотга одамсимон робот учиради

Олам

image

Ҳиндистон  2024 йилнинг учинчи чорагида орбитага “Vyommitra” номли одамсимон роботни жўнатмоқчи. Бу ҳақда Ҳиндистон Фан ва технологиялар вазири Житендра Сингх сўзларига таяниб, ТАСС маълум қилди.

"Ушбу миссия жорий йилнинг учинчи чорагига режалаштирилган бўлиб, кема астронавти космик муҳитда инсон функцияларига тақлид қилиш ҳамда ҳаётий тизимлар билан алоқа ўрнатиш учун мўлжалланган", дейди вазир. 

Унинг сўзларига кўра, робот орбитал модуль параметрларини кузатиши, кеманинг олтита панелини бошқариши ва саволларга жавоб бериши мумкин.

Қайд этилишича, роботнинг номи санскрит тилидаги иккита сўздан олинган бўлиб, "vyom”– космос ва "mitra”– дўст деган маъноларни англатади. Фазогир робот аёл қиёфасида бўлиб, бир нечта тиллардаги саволларга бемалол жавоб бера олади. Шу жумладан, кеманинг техник ҳолатига оид маълумотлар ҳам ундаги сунъий онгга юкланган.

Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ICRO) раҳбари Шридхара Паникер Сомнатх республика 2025 йилнинг охиригача экипаж билан биринчи космик кемани орбитага чиқаришини айтмоқда.

2018  йил август ойида мамлакат Британия мустамлакасидан озод бўлганининг 75 йиллиги муносабати билан Бош вазир Нарендра Моди Ҳиндистоннинг ўғли ёки қизи 2022 йилга келиб Ҳиндистон миллий байроғини космосга олиб чиқишини эълон қилганди. Лойиҳанинг номи "Гаганян" – санскритча "самовий кема" деган маънони англатади. Бироқ, 2020 йилнинг март ойида бошланган  COVID-19 пандемияси туфайли ушбу лойиҳа устида ишлаш тўхтатилганди.

Ушбу миссия муваффақиятли амалга оширилганидан кейин орбитага таркибида аёл мавжуд бўлган экипаж учирилиши мўлжалланганди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Ҳиндистон космик агентлиги космосга биринчи бўлиб чиқадиган одамсимон роботни аёл кўринишида ясашга қарор қилгандир.  Шундай бўлса-да, ҳозиргача фақат тўрт киши Ҳиндистоннинг биринчи космик миссияси учун асосий номзод сифатида танланган. Космонавтларнинг исм-шарифлари ҳали эълон қилинмаган, бироқ уларнинг барчаси собиқ ҳарбий ҳаво кучлари учувчилари экани маълум. Номзодлар Россиядаги Юрий Гагарин номидаги Космонавтлар тайёрлаш марказида ўқитилган.

Улканбаева Райҳона


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ҳиндистон робот коинот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг