Ҳеч ким АҚШнинг Ғазо бўйича позициясига қўшилмайди – Хоқон Фидан
Олам
−
09 Декабрь 2023
6182Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан АҚШнинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг блокададаги Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйиш қарорини қоралади. Бу ҳақда у Вашингтонда америкалик мавқедоши Энтони Блинкен билан учрашувдан сўнг “Анадолу” билан суҳбатда сўз очди.
"АҚШнинг Ғазо бўйича позициясини ҳеч ким олқишламайди", дейди вазир.
Туркия дипломатияси раҳбари Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг Алоқа гуруҳи Блинкен билан бўлиб ўтган учрашувда Ғазодаги вазиятнинг тафсилотини тўлиқ баён қилганини айтган.
“Алоқа гуруҳи аъзолари Ғазо секторидаги инсонпарварлик фожиасини зудлик билан тўхтатиш ва Исроил томонидан бегуноҳ одамларнинг ўлдирилишига чек қўйиш зарурлигини бир неча бор таъкидлади”, дея давом этган Фидан.
Туркия ТИВ раҳбари кеча, 8 декабрь куни Қўшма Штатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Фаластин анклавида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги резолюциясига вето қўйганини эслатган.
“Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидаги овоз бериш чоғида дўстларимиз Ғазодаги вазият бўйича АҚШнинг фикрига ҳеч ким қўшилмаслигини яна бир бор кўрсатди. Албатта, бундан хулоса қиламизки, бугунги учрашувларда айтиб ўтганимиздек, Америка сиёсий тизими энди Исроил билан боғлиқ масалаларда ожиз. Шунинг учун Исроил бу масалада ўйламасдан ҳаракат қилиб, фаластинликларга нисбатан зўравонликни давом эттирмоқда”, дейди вазир.
Шу билан бирга, Фидан Ғазо бўйича алоқа гуруҳи эксклавдаги қон тўкилишини тўхтатиш учун саъй-ҳаракатларини давом эттиришини қайд этган. Туркия дипломатияси раҳбари АҚШ ортидан Канадага боришини, у ерда Бош вазир ва Ташқи ишлар вазири билан учрашишини, шунингдек, Скандинавиядаги айрим мамлакатларга ташриф буюришини айтган.
Фиданнинг таъкидлашича, у Ғазо секторидаги вазият бўйича Анқаранинг позициясини АҚШ расмийлари эътиборига аниқ етказган.
"Вазиятнинг жиддийлигини таъкидлаб, сабр-тоқат тугаётганини айтдик ва бу йўналишда қилиниши керак бўлган қадамларни аниқ белгилаб қўйдик", дейди вазири.
Фидан Блинкен билан учрашувда Швециянинг НАТОга кириши масаласини ҳам муҳокама қилганини қайд этди.
“Албатта, бу ерда Анқаранинг позицияси аниқ. Муҳокамалардан сўнг НАТО Туркия Президенти ва Швеция Бош вазири иштирокида уч томонлама йиғилиш ўтказди. Натижада, биз ҳозир устида ишлаётган масалалар мавжуд. Кейинги қарор Туркия парламентида қабул қилинади”, деган вазир.
Бундан ташқари, Фидан Блинкен билан Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги нормализация жараёни ва тинчлик музокараларини муҳокама қилганини айтди.
“Биз Америка томонига Туркия икки давлат ўртасидаги тинчлик битимини қўллаб-қувватлашини ва ҳужжат имзоланиши учун барча имкониятларни ишга солишини айтдик. АҚШ ҳам бир хил позицияни эгаллайди. Ишончимиз комилки, минтақадаги нормаллашув барча томоннинг манфаатларига мос келади”, деб таъкидлаган Хоқон Фидан.
Эслатиб ўтамиз, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг Алоқа гуруҳи жорий йилнинг 11 ноябрь куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган қўшма саммитда тузилган эди. Унинг вакиллари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган давлатнинг пойтахтлари Пекин, Москва, Лондон ва Парижда учрашувлар ўтказди.
LiveБарчаси