Араб-мусулмон делегацияси Лавров билан келишиб олди

Олам

image

Кеча, 21 ноябрь куни Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг Ташқи ишлар вазирларидан иборат делегация Москвада бўлиб, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.

Музокараларда Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш масаласи муҳокама қилинган. Россия дипломатияси раҳбари можаронинг барча томонларига мос келадиган ечимни ишлаб чиқиш зарурлигини айтган.

“Икки давлат келишувига асосланган узоқ муддатли барқарор келишув шартларига эришиш учун ташқи ҳамроҳлик механизмини яратиш ҳақида ўйлаганимизда, бундай механизм ҳақиқатан ҳам иш бериши ва аниқ ҳақиқатни тўлиқ ҳисобга олиши ҳақида жиддий ўйлашимиз керак. Чунки кўп йиллар давом этадиган ва ҳамма учун мос келадиган ечимга қандай эришиш мумкинлигини минтақа давлатлари бошқаларга қараганда яхшироқ тушунади”, деган Лавров.

Россия ТИВ томонидан тарқатилган баёнотда айтилишича, учрашувда Россия ва араб-мусулмон ҳамжамиятининг ушбу инқироздан чиқиш йўлларига ёндашувлари муштараклиги тасдиқланган. Томонлар барқарор ўт очишни тўхтатиш режимини тезроқ ўрнатиш, тинч аҳоли ҳимоясини таъминлаш, халқаро гуманитар қонунларга риоя қилиш, гуманитар йўлакларни очиш, Ғазо секторидан эвакуация тадбирларини давом эттириш ва гаровга олинганларни озод қилиш тарафдори эканини билдирган.

Учрашув иштирокчилари, шунингдек, БМТ ва Араб Тинчлик Ташаббусининг қарорлари асосида Фаластин муаммосини кенг қамровли сиёсий йўл билан ҳал қилишдан бошқа илож йўқлигини таъкидлаган.

“Томонлар ўртасида музокаралар ўтказиш учун шарт-шароит яратишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидладилар, бунинг натижаси 1967 йил чегаралари доирасида Исроил билан тинчлик ва хавфсизликда бирга яшайдиган, пойтахти Шарқий Қуддус мустақил Фаластин давлатини яратиш бўлиши керак”, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, томонлар Яқин Шарқни кенг қамровли тартибга солиш муаммоларини тезкорлик билан ҳал қилиш манфаатлари йўлида ҳаракатларни мувофиқлаштиришни кучайтиришга келишиб олган. 

“Ушбу мақсадларда ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги кейинги алоқалар жадвали, жумладан, БМТ доирасида ҳамда Россия билан Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари келишиб олинди”, дейилади Россия ТИВ хабарида.

Маълумот учун, араб-мусулмон делегацияси таркибида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд, Миср Ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри, Индонезия Ташқи ишлар вазири Ретно Марсуди, Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Сафади, Фаластин Ташқи ишлар вазири Риёд Маликий ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳиссайн Браҳим Таҳа бўлган. Улар 11 ноябрь куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган Ғазо секторидаги вазият бўйича Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари қўшма саммити қарори билан тузилган қўмита таркибига киритилган.

Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни мазкур делегация Пекинда бўлиб, Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И билан музокара ўтказганди. Улар эндиликда Франция, Буюк Британия ва АҚШга ҳам бориши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Араб давлатлари лигаси Сергей Лавров Фаластин Исроил Ғазо Ислом ҳамкорлик ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг