Араб-мусулмон делегацияси Лондон ва Парижни Исроилга таъсир ўтказишга чақирди
Олам
−
23 Ноябрь 2023
3581Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Лондонга келган бир қатор араб ва ислом давлатлари Ташқи ишлар вазирлари билан Ғазо секторидаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Музокараларда Саудия Арабистони, Иордания, Миср, Фаластин, Туркия, Индонезия ва Нигерия Ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Араб Лигаси Бош котиби ва Қатарнинг Лондондаги элчиси иштирок этди.
Қайд этилишича, йиғилиш иштирокчилари асосий эътиборни гаровга олинганларни озод қилиш, Ғазо сектори аҳолисига кўрсатилаётган ёрдам ҳажмини ошириш, Исроил-Фаластин инқирозини узоқ муддатли сиёсий йўл билан ҳал этишга эришишга қаратган.
"Икки томон ўртасидаги сулҳ гаровга олинганларни озод қилиш ва Фаластин халқи учун Ғазо секторига кўпроқ ёрдам олиб келиш учун муҳим имкониятдир. Биз келажак ҳақида ўйлаш учун бундан қандай фойдаланишимиз ҳамда Исроил учун хавфсизлик, Фаластин халқи учун тинчлик ва барқарорликни таъминлайдиган тинч келажакни қандай қуришимиз мумкинлигини муҳокама қилдик", дейди Дэвид Кэмерон.
Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб Лигасининг Ғазо бўйича алоқа гуруҳи Парижда ҳам бўлган. Делегация Франция Президенти Эммануэль Макрон томонидан қабул қилинган. Франция Ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна билан бўлган учрашувда Алоқа гуруҳи Ғазода тўлиқ ва барқарор ўт очишни тўхтатишни зудлик билан таъминлаш муҳимлигини айтган.
Делегация ИҲТ ва Араб Лигаси мамлакатлари учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари ва халқаро ҳамжамият томонидан бу борада самарали ва шошилинч чоралар кўриш устувор вазифа эканини таъкидлаган.
Мулоқот чоғида делегация Исроилнинг жиноятларига кўз юмиб бўлмаслигини билдириб, мамлакатга таъсири бўлган барча давлатларни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳаракат қилишга, кенг қамровли тинчлик ва муаммони ҳал қилиш учун чора кўришга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, мазкур гуруҳ жорий йилнинг 11 ноябрь куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг қўшма саммитида тузилган эди. Унинг вакиллари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлган давлатнинг пойтахтлари Пекин ва Москвадаги учрашувлар ўтказди. Эндиликда улар Вашингтонга бориши кутилмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь