ҲАМАС Исроил билан музокарага тайёрлигини билдирмоқда – “Aljazeera”
Олам
−
10 Октябрь 2023
6885ҲАМАС Исроил билан сулҳ шартларини муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси Мусо Абу Марзук “Aljazeera” телеканалига маълум қилди.
Гуруҳ эҳтимолий сулҳни муҳокама қилишга тайёрми, деган саволга Мусо Абу Марзук ҲАМАС барча сиёсий мулоқотлар учун очиқлигини билдирган.
Унинг қўшимча қилишича, ҲАМАС ўнлаб икки фуқароликка эга Исроил фуқароларини, жумладан, Россия ва Хитой фуқаролигига эга бўлганларни қўлга олган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та Ф-35 ва Ф-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.
Шунингдек, ҲАМАС асирга олинган исроилликлардан АҚШ ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш бўйича музокараларда фойдаланишни режалаштирмоқда.
Ҳозирда Ғазо секторида 187 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб кетди. Икки томондан қурбонлар сони 1600 дан ошган.
LiveБарчаси