Вазият жиддий. Исроил “аксилтеррор операцияси”ни бошлади
Олам
−
07 Октябрь 2023
13811Исроил Мудофаа кучлари (IDF) Ғазо секторидан уюштирилган ҳужумларга жавобан ҲАМАС'га қарши “аксилтеррор операцияси”ни бошлади. Бу ҳақда IDF матбуот хизмати хабар берди.
“IDF вакили ҲАМАС ҳаракатига қарши операция “Темир қиличлар” деб номланганини маълум қилди”, дейилади расмий баёнотда.
Шунингдек, Исроил мудофаа кучлари “урушга шайлик” ҳолатини эълон қилган.
“Сўнгги бир соат ичида Ғазодан Исроил томон катта ракета отишмалари содир бўлди ва террорчилар Исроил ҳудудига бир неча турли нуқталардан кириб келди. Биз чегарага яқин ҳудудлар аҳолисига қўриқланадиган ҳудудларга яқин бўлишни тавсия қиламиз”, дейди Исроил мудофаа кучлари.
Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда Исроил фуқаролари чегарага яқин ҳудудларни тарк этаётгани тасвирланган видеолар тарқалди.
Исроил армияси фуқаролардан кўрсатмаларга қатъий риоя қилишини талаб қилган.
Бу орада Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант аскарлар барча жабҳаларда курашаётганини эълон қилди.
“ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши уруш бошлаб, жиддий хатога йўл қўйди. Исроил аскарлари “барча инфилтрация нуқталарида душманга қарши курашмоқда. Исроил давлати бу урушда ғалаба қозонади”, дея ишонтирган вазир.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати ҳарбий қўмондони Муҳаммад ал-Дайф Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди.