Ғазода яна нотинчлик (видео)
Олам
−
07 Октябрь 2023
13097Бугун, 7 октябрь куни эрталаб Исроил Ғазо секторидан мамлакат ҳудудига ракета зарбалари берилганини эълон қилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати хабар берди.
"Охирги ярим соат ичида Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракеталар учирилди. Исроил жануби ва маркази аҳолисига қўриқланадиган ҳудудларда қолиш ва Ички фронт қўмондонлиги кўрсатмаларига амал қилиш қатъий тавсия этилади", дейилади баёнотда.
Билдирилишича, Исроил жануби ва марказидаги кўплаб аҳоли пунктларида, жумладан Тель-Авив ва унинг чеккаларида ҳаво ҳужуми сиреналари ёқилган. Сиреналар бир соатдан кўпроқ вақт давомида чалинган. Исроил Мудофаа кучлари логистика қўмондонлигидан ҳаво ҳужуми ҳақида огоҳлантириш ҳақидаги биринчи хабар 06:29 да келиб тушган.
Ғазодан отилган ўқлар фонида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Тель-Авивга жўнаб кетган. У мамлакат хавфсизлик кучлари раҳбарияти билан шошилинч учрашув ўтказади.
“Бош вазир Беньямин Нетаньяху воқеа тафсилотларидан хабардор ва яқин соатларда хавфсизлик раҳбарияти билан тезкор йиғилиш ўтказади”, дейилади Исроил ҳукумати раҳбари идораси баёнотида.
Бу орада Исроил армияси мамлакат ҳудудига фаластинлик ҳарбийлар кириб келганини маълум қилди.
"Сўнгги бир соат ичида ҲАМАС ҳаракати Ғазо секторидан Исроил ҳудудига йирик ракета ҳужуми уюштирди. Бир қатор жойларда террорчилар Исроил ҳудудига кириб борган", дейилади Исроил армияси хабарида.
Бўлаётган воқеалар фонида Исроил армияси “урушга шайлик ҳолати”ни эълон қилди ва мамлакат мудофаа вазири Йоав Галант армияга захирадаги аскарларни жалб қилишни маъқуллади.
Исроил Президенти Ицхак Герцог ҳам Ғазо секторидан эрталаб бошланган йирик ракета ҳужумлари фонида яҳудий давлати оғир аҳволда эканини айтган.
"Исроил давлати оғир вақтни бошдан кечирмоқда. Мен Исроил мудофаа кучлари, унинг қўмондонлари ва ҳарбий хизматчилари ҳамда барча хавфсизлик хизматларини қўллаб-қувватлайман ва ҳужум остида қолган Исроилнинг барча аҳолисини қўллаб-қувватлайман. Ҳаммани [Исроил мудофаа кучлари] Ички фронт қўмондонлигининг кўрсатмаларига риоя қилишга ва хотиржам бўлишга чақираман”, деб ёзган Президент X'даги саҳифасида.
Воқеалар фонида Исроил армияси Ғазо секторига ҳужум бошлади.
"Исроил мудофаа кучлари ҳозирда Ғазо секторида зарбалар бермоқда. Тафсилотлар кейинроқ бўлади", дейилади армия баёнотида.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь