Фаластин–Исроил можароси қурбонлари сони 1600 дан ошди

Олам

image

Ғазо секторида 187 мингдан ортиқ аҳоли ўз уйларини ташлаб кетди. Икки томондан қурбонлар сони 1600 дан ортиқ. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гуманитар масалаларни мувофиқлаштириш бошқармаси маълум қилди.

ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши ракета отишда давом этмоқда, Исроил кучлари ҳам ҳаракат позицияларига интенсив ҳужумлар уюштирмоқда.

Кеча, 9 октябрь куни ҲАМАС'нинг Исроилга ҳужуми оқибатида жами 900 дан ортиқ исроиллик, шунингдек, чет эл фуқаролари ҳалок бўлган.

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 2616 киши жароҳат олган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 687 фаластинлик ҳалок бўлгани, яна 3800 нафари яраланганини маълум қилган.

Охирги 24 соат ичида Ғазо секторидаги оммавий кўчирилишлар сони 187 518 дан ортиқ кишига етди ва бундан буён ҳам ортиши кутилмоқда. Ғазода жанговар ҳаракатлар авж олгандан бери тўртта мактаб ва саккизта тиббиёт муассасаси зарар кўрган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг билдиришича, Ғазо секторида вақтинчалик кўчирилганлар сони 2014 йилда 50 кунлик жанглар авж олганидан бери энг юқори кўрсаткичдир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  

Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг