Германия Фаластиндаги гуманитар лойиҳаларни молиялаштиришни тўхтатди
Олам
−
09 Октябрь 2023
5749Германия ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми муносабати билан Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди. Бу ҳақда Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазирлиги маълум қилди.
"Ёрдам вақтинча тўхтатилди", деган у журналистларнинг саволларига жавоб берар экан.
Унинг айтишича, Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 2023-2024 йиллар учун 125 миллион еврога яқин маблағни тасдиқлаган, бу маблағ Фаластин ҳудудларида гуманитар лойиҳаларни амалга ошириш учун ишлатилиши керак эди.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, энди Германия ҳукумати ушбу маблағларни ажратиш қанчалик мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқмоқчи.
Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазири Свенья Шульце текширув вақтида федерал ҳукумат биринчи навбатда Исроил билан гуманитар лойиҳалар “минтақадаги тинчлик ва Исроил хавфсизлигига қандай хизмат қилиши”ни муҳокама қилмоқчи эканини айтган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ҳужумларида 436 киши, жумладан 91 бола ҳалок бўлган ва 2270 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда 15 нафар фаластинлик Исроил ўқларидан ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил матбуоти 700 киши ҳалок бўлгани ва 2300 дан ортиқ исроиллик жароҳат олгани ҳақида хабар берган.
LiveБарчаси