ҲАМАС асирларни АҚШ қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларга алмаштирмоқчи
Олам
−
10 Октябрь 2023
5463ҲАМАС асирга олинган исроилликлардан АҚШ ва Исроил қамоқхоналарида сақланаётган фаластинликларни озод қилиш бўйича музокараларда фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар берди.
"Америкада ҲАМАСни молиялаштиришда айбланиб ҳибсга олинган фаластинликлар бор. Биз уларнинг озод этилишини сўраймиз", деган ҲАМАС вакили Али Бараке агентлик билан суҳбатда.
Унинг қўшимча қилишича, ҲАМАС Исроилда қамоққа олинган барча арабларни озод қилишга интилади. Шунингдек, Али Бараке ҲАМАС можаро ривожланиши учун “барча сценарийларга”, жумладан “уруш узоқ давом этиши”га тайёр эканини айтган.
"2014 йилда Ғазодаги вазият кескинлашганидан сўнг, ҲАМАСнинг ўзи жангчиларни тайёрлади ва ўз ракеталарини ишлаб чиқарди", дея маълумот берган у.
Шунингдек, ҲАМАСнинг кенг кўламли ҳужуми Исроил ҳукуматининг Қуддус марказидаги Ал-Ақсо масжидига қарши ҳаракатлари ва Исроил қўлида ушлаб турилган фаластинлик маҳбусларга босим кучайиши билан боғлиқ.
“Reuters” эса ҲАМАС ва Исроил ўртасида бу борада Қатар воситачилик қилаётганини ёзмоқда. Унга кўра, Исроил ҳудудидан олиб кетган 36 нафар аёл ва болалар эвазига қамоқда ўтирган бир қанча аёлни алмаштириш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилинмоқда. “Reuters” манбаларининг таъкидлашича, музокаралар "ижобий кетмоқда", бироқ ҳозирча муваффақият белгилари йўқ.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланганди. Кейинчалик ҲАМАС ҳаракати Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошлаганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.
Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди. Ғазодаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, Исроил ҳужумларида 490 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 2750 дан ортиқ киши жароҳатланган. Бундан ташқари, 7 октябрдан бери босиб олинган Ғарбий Соҳилда Исроилнинг ўққа тутилиши оқибатида 15 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Шунингдек, Исроил матбуоти 800 киши ҳалок бўлгани ва 2300 дан ортиқ исроиллик жароҳат олгани ҳақида хабар берган.
Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.