Журналист ва операторни калтаклаган “муштумзўр” ишдан олинди
3-саҳифа
−
14 Август 2023
25585Аввалроқ “Кўприкқурилиш” трести УК томонидан амалга оширилаётган Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгич қурилиши объектида бир эркак Zo'rTV телеканали мухбири ва операторининг тасвирга олишига тўсқинлик қилиб, куч ишлатгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларининг журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилган ходимга нисбатан қонунчилик нормаларига асосан тегишли чора кўришини қўллаб-қувватлайди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти ОАВ вакилларига зўравонлик кўрсатиб, уларга қарши куч ишлатган “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси 67-Кўприкқурилиш отряди иш бошқарувчиси Н.Э.нинг ишини кескин қоралайди. Мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан ишчи гуруҳ тузилиб, бугуннинг ўзида Н.Э. Меҳнат кодексининг тегишли бандларига асосан ишдан бўшатилганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Гап шундаки, телеканал журналисти ва оператори жорий йилнинг 12 август куни аэропорт яқинида қурилаётган йўл ўтказгичнинг бешта тўсини қулаб тушиши сабабларини ўрганишга борган. Жараён давомида унга корхона иш бошқарувчиси Н.Э. кескин қаршилик кўрсатиб, телеканал ходимларини жароҳатлаган ҳамда техник буюмларга шикаст етказган.
Шундан сўнг, холат юзасидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурага расмий мурожаат йўллади. Шунингдек, агентлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жараён ўрганилиши ва хизмат текширувлари натижаларини диққат билан кузатиб боришини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида МY5 телеканали журналисти Нозимжон Тешаевни аҳоли мурожаатини ўрганиш пайтида бир эркак ҳақорат қилганди. Эркак 5 суткага қамоққа олинган.
LiveБарчаси