Россияда япониялик журналист жосусликда гумонланиб, ҳибсга олинди
Олам
−
19:23 277 2 дақиқа
Россияда аккредитациядан ўтган Япониянинг “Хоккайдо Симбун” газетаси журналисти Имаи Юки Россия ҳудудида разведка фаолиятини олиб борганликда айбланиб, қўлга олинди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, журналист Россия Федерал хавфсизлик хизмати томонидан Сахалин вилоятида, мамлакатдан учиб кетишидан олдин қўлга олинган ва Москвага олиб кетилган. Москвадаги Лефортово суди уни камида икки ой ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарган. У Лефортово тергов изоляторида сақланиши кутилмоқда.
Россия қонунчилигига кўра, жосусликда айбдор деб топилган шахс 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Имаи Юки Россиянинг мудофаа қобилиятига оид маълумотларни тўплаган ва уларни Россия хавфсизлигига қарши фойдаланиш учун Япония разведкасига топширишни мақсад қилган. Қайд этилишича, журналист Курил оролларида Украинага қарши урушга сафарбар қилинган ҳарбийлар ва кўнгиллилар сони ҳақида маълумот тўплаган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса Японияни Россиядаги хорижий журналистлардан давлат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни тўплаш учун фойдаланишга уринаётганликда айбламоқда.
“Бу Токионинг Россиядаги ва хорижий журналист мақомига эга мухбирларини давлатимиз хавфсизлигига путур етказиш мақсадида маълумот тўплаш учун ишлатишга уринаётган биринчи ҳолати эмас”, дейилади вазирлик изоҳида.
“Осторожно, новости” Telegram-канали маълумотига кўра, Имаи Юки камида 2014 йилдан бери Россияга келиб турган ва Санкт-Петербург давлат университетида таҳсил олган. Унинг 12 йил аввалги ижтимоий тармоқлардаги постларида Россия театрлари, музейлари, консерваториялари ва балетга оид кўплаб суратлар мавжудлиги айтилган.
“Хоккайдо Симбун” газетасида Имаи Юки 2026 йил сентябрь ойида Хабаровскда очилган ёдгорлик ҳақида мақола ёзган. Ёдгорлик Япония устидан қозонилган ғалаба ва Иккинчи жаҳон урушининг якунланишига бағишланган. Журналист, шунингдек, сентябрь ойида бўлиб ўтган Давлат думаси сайловлари ва Россия билан Шимолий Корея ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланишини ёритган.
Унинг сўнгги мақоласи жорий йилнинг 5 октябрь куни чоп этилган. Унда Имаи Юки Жанубий Сахалинскдан репортаж тайёрлаб, Россиянинг ушбу ҳудудида Шимолий Корея фуқаролари борлиги ҳақида ёзган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германия Федерал разведка хизматининг (BND) собиқ раҳбари Август Ҳаннинг жосусликда гумонланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Маржона Маманиёзова
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь