Жўлоний БМТ Бош котиби билан учрашди (фото)

Олам

image
Аш-Шара Умра амалларини бажарди. Унга Каъба эшиклари очиб берилди (Фото+видео) north_east

Аш-Шара Умра амалларини бажарди. Унга Каъба эшиклари очиб берилди (Фото+видео)

Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара (Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан ҳам машҳур) кеча, 4 март куни Миср пойтахти Қоҳирада Араб Лигаси саммитида иштирок этган  лидерлар билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда Суриянинг расмий ахборот агентлиги SANA хабар берди

Қайд этилишича, аш-Шара Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта,  Яман Президентлик кенгаши раиси Рашад ал-Алими, Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос ва Ливан Президенти Жозеф Аун  билан икки томонлама учрашувлар ўтказган. Учрашувларда Сурия ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Шибоний ҳам қатнашган.

SANA аш-Шаранинг музокаралари тафсилотларини келтирмади.

Фаластиннинг расмий ахборот агентлиги WAFA'нинг хабар беришича, Аббос ва аш-Шара Қоҳирада саммит чақирилишига сабаб бўлган Фаластин масаласини муҳокама қилган.

Таъкидлаш жоиз, Аҳмад аш-Шара кеча, 4 март куни Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси раислигида Фаластин Давлати илтимосига биноан чақирилган фавқулодда араб саммитида иштирок этди. Саммит иштирокчилари Миср томонидан тайёрланган Ғазони қайта қуриш режаси ва якуний декларацияни бир овоздан қабул қилди, шунингдек,  Исроилнинг Сурияга бостириб киришини қоралаб, БМТ Хавфсизлик кенгашини республикага қарши тажовузни тўхтатишга мажбур қилишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) жорий йил 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга  миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди. Аҳмад аш-Шара энди Франция Президенти Эммануэль Макроннинг расмий таклифига биноан яқин ҳафталарда Парижга ташриф буюриши кутилмоқда. Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам Сурия ўтиш даври президентини Бакуга таклиф қилди


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия БМТ Антониу Гутерриш Маҳмуд Аббос Араб Лигаси Муҳаммад ал-Жўлоний Аҳмад аш-Шара Антониу Кошта

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг