Аш-Шара Ар-Риёдда “қора шаҳзода” билан учрашди
Олам
−
03 Февраль
3939Кеча, 2 февраль куни Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширганди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. Бу ҳақда Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, етакчилар икки томонлама алоқаларни яхшилаш ва минтақавий воқеаларни муҳокама қилган. Аҳмад аш-Шаранинг ёзма баёнотида эса валиаҳд шаҳзода билан гуманитар ва иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, “энергетика, технология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида кенг кўламли келажак режалари” муҳокама қилингани маълум қилинган.
Саудия Арабистонида туғилган ва болалигининг бир қисмини у ерда ўтказган Аҳмад аш-Шара бугун, 3 февраль куни Макка шаҳрини зиёрат қилиши кутилганди.
Эслатиб ўтамиз, январь ойида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд Дамашққа бориб, АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлардан Сурияга қарши санкцияларнинг бекор қилиниши ҳақида ижобий хабарлар олганини айтганди.
Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний эса ўтган ҳафта Асад ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин Сурия пойтахтига ташриф буюрган биринчи давлат раҳбари бўлди.