Саудия Арабистони Сурияга қарши санкцияларни бекор қилишга чақирди

Олам

image

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал бин Фархон Ол Сауд АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлардан Сурияга қарши санкцияларнинг бекор қилиниши ҳақида ижобий хабарлар олганини айтди. Бу ҳақда у Дамашқда Сурия ўтиш даври ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Асад Ҳасан ал-Шибоний билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.

“Биз халқаро ҳамжамиятга санкцияларни бекор қилиш муҳимлигини яна бир бор эълон қиламиз. Суриянинг ўз жойига қайтиши учун саъй-ҳаракатларни давом эттирамиз” деди Файсал бин Фархон Ол Сауд.

Унинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони Сурияга нисбатан санкцияларни бекор қилиш масаласида АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа давлатлар билан фаол мулоқот олиб бормоқда:

"Биз бу жараёнда ижобий сигналларни қабул қилмоқдамиз ва яқин келажакда санкциялар бекор қилинишига ишонамиз".

Асад Ҳасан ал-Шибоний ҳам бин Фархоннинг ташрифи Саудия Арабистони Сурия халқи билан бирга эканига яққол далолат эканини айтди.

"Биз Саудия Арабистони билан стратегик ва махсус муносабатлар ўрнатишга интиламиз. Муаммолар жуда катта ва албатта санкцияларни бекор қилиш ва бу муаммони енгиш керак. Сурия араб дунёсида бирдамлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр. Биз Саудия Арабистони билан сиёсий, иқтисодий ва стратегик ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича очиқ мулоқот олиб бормоқдамиз" деган ал-Шибоний.

Сурияни қайта қуриш жараёнида араб давлатларининг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим эканлигини таъкидлаган Шибоний Саудия Арабистони билан савдо, инфратузилма лойиҳалари ва янги иш ўринлари яратиш соҳаларида ҳозирда ҳамкорлик имкониятлари баҳоланаётганини қўшимча қилди. Суриянинг араб дунёсига қайтиши барча араб давлатлари ва хусусан Саудия Арабистони учун ажойиб имконият эканини таъкидлаган Шейбоний, шундай деди:

"Музокаралар мутлақо очиқ тарзда ўтмоқда ва биз муҳокама қила олмайдиган ҳеч нарса йўқ. Биз Саудия Арабистони билан стратегик ва махсус муносабатлар ўрнатишга интиламиз".

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири бин Фархон Суриянинг янги маъмурияти раҳбари Аҳмад ал-Шаро (Ал-Жўлоний) билан ҳам учрашди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Сурияда ҳокимият тепасига янги кучлар келгач, улар кўплаб мамлакатлар билан мулоқотни йўлга қўйишни бошлади. Уларнинг етакчиси Аҳмад аш-Шаро ўтган йил охирида Сурияда ҳокимиятни эгаллаганидан бери Дамашқда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Қатар Ташқи ишлар вазирлиги давлат вазири Муҳаммад ал-Хулайфий, Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига, Ливаннинг ўша пайтдаги бош вазири Нажиб Микати, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро билан учрашди. Аш-Шибоний бошчилигидаги Суриянинг янги расмийлари делегацияси Саудия Арабистони, Қатар, БАА ва Иорданияга борди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Саудия Арабистони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг