Жўлоний илк хорижий ташрифини Саудияга қилди (видео)

Олам

image

Суриянинг янги президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) бугун, 2 февраль куни Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Бу ҳақда “The Guardian” газетаси хабар берди.

Аэропортда у ва ташқи ишлар вазирини Саудия расмийлари кутиб олди.

У Саудия Арабистонида икки кун қолиши ва нефтга бой қиролликнинг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан учрашиши кутилмоқда. Саудия ОАВлари хабарларига кўра, икки етакчи ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш ва Сурияга нисбатан жорий этилган халқаро санкцияларни бекор қилиш учун қандай ёрдам олиш мумкинлигини муҳокама қилади. Ташриф ҳақида бошқа тафсилотлар келтирилмаган.

29 январь куни Суриянинг янги ҳукумати вакиллари ва мамлакатда фаолият юритаётган қуролли тузилмалар раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда аш-Шара ўтиш даврида Сурия президенти лавозимини эгаллаши маълум қилинган эди. Янги раҳбарият 2012 йилги конституция тугатилганини, парламент, армия, барча хавфсизлик кучлари ва қуролли тузилмалар тарқатиб юборилганини эълон қилди. Тайинланган президентнинг ваколатлари Сурияда янги конституция қабул қилингунга қадар амал қилади.

Шунингдек, мамлакат ҳукумати собиқ президент Башар Асад даврида қабул қилинган айрим қонунларни бекор қилди. 8 декабрь Сурия тарихида “Буюк Сурия инқилоби” ғалабаси куни деб эълон қилинди.

Бундан ташқари, Суриянинг Баъас партияси тарқатиб юборилди. У мамлакатда 1963 йилдан 2024 йилгача ҳукмрон партия бўлиб келган. Ушбу партияни бошқа ном остида қайта ташкил этиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, Сурияда ҳокимият алмашинуви 2024 йил 8 декабрда содир бўлди. Собиқ президент Башар Асад мамлакатни тарк этиб, Россияга қочиб кетди ва у ерда сиёсий бошпана олди. Мамлакатнинг янги ҳукумати 29 январь куни БМТ билан турли гуманитар масалалар бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирган ҳамда Дамашққа нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўраган.


Мақола муаллифи

Теглар

Саудия Арабистони Аҳмад аш-Шаро

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг