Асад режими ағдарилди
Олам
−
08 Декабрь
16153“Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи бошчилигидаги исёнчи кучлар Сурия пойтахти Дамашққа кирди ва мамлакат раҳбари Башар Асад режими ағдарилганини маълум қилди. Бу ҳақда бугун, 8 декабрь куни “Aljazeera” хабар берди.
Маҳаллий аҳоли AFP агентлигига шаҳарда кучли отишма овозлари ҳақида маълум қилган. Исёнчилар коалицияси ижтимоий тармоқларда Асад қочиб кетгани ва мамлакат пойтахти озод қилинганини эълон қилган.
Сурия армиясининг икки юқори мартабали зобити “Reuters” агентлигига мамлакат Президенти Башар Асад Дамашқдан номаълум томонга жўнаб кетгани ҳақида хабар берган. Бу ҳақда аввалроқ CNN тарқатган маълумотни Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси ҳам тасдиқлаган. Ташкилот раҳбари Рами Абдел Раҳмонга кўра, Асад Дамашқ халқаро аэропортидан учиб кетган.
Сурия Бош вазири Муҳаммад Ғози ал-Жалолий Facebook’да эълон қилинган видеода ҳукумат ваколатларини Сурия халқи томонидан маъқулланган ҳар қандай раҳбариятга топширишга тайёрлигини айтган.
“Reuters” армиядаги манбаларга таяниб, Сурия армияси қўмондонлиги зобитларни Президент Асаднинг ҳукмронлиги тугагани ҳақида хабардор қилганини ёзмоқда.
Исёнчилар коалицияси ватанини тарк этган сурияликларни эркин Сурияга қайтишга чақирган. Жангарилар Дамашқ яқинидаги “Саедная” қамоқхонасидан минглаб маҳбуслар озод этиб, “зулм даври тугади” деб эълон қилди. Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваториясига кўра, қамоқхона 2011 йилда фуқаролар уруши бошланганидан бери оммавий қийноқлар ва қатллар жойи бўлиб, ўн минглаб тинч аҳоли маҳбуслари ва исёнчиларни ўлдирган.
Маълумот учун, 27 ноябрь куни “Жабҳат ан-Нусра” экстремистик гуруҳи тузилмалари ва унинг иттифоқчилари Сурия шимолидаги Ҳалаб ва бошқа аҳоли пунктларига кенг кўламли ҳужум уюштирди. Кейинроқ республика қуролли кучлари армия қайта тўпланиш ва қарши ҳужумга тайёргарлик кўриш учун Ҳалабдан чекинишга мажбур бўлганини маълум қилди.
5 декабрь куни у мамлакат ғарбида жойлашган худди шу номдаги провинциянинг маъмурий маркази Ҳама шаҳрининг бир неча маҳаллаларига жангарилар кириб келгани ҳақида эълон қилди. Армия баёнотига кўра, Ҳамани ушлаб турган ҳукумат кучлари шаҳар ташқарисига кўчирилди.
7 декабрь куни Араб Республикаси Мудофаа вазирлиги мамлакат жанубида фаолият юритаётган ҳарбий қисмлар ҳарбий режага мувофиқ қайта гуруҳлангани ҳақида хабар берди.
Суриядаги Башар Асад режими кучлари Исроил билан чегарадош Ал-Қунайтра вилоятидаги постларини ташлаб кетгани хабар қилинганди. 4 декабрь куни “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” радикал экстремистик гуруҳи аъзолари Дамашққа олиб борувчи йўлда жойлашган йирик Ҳама шаҳрини уч томондан ўраб олганди. 6 декабрь куни экстремистик гуруҳи аъзолари Ҳомс шаҳрига кириб келди. Кейинроқ гуруҳ аъзолари Сурия жанубидаги Даръа вилояти маъмурий маркази ва вилоятнинг катта қисмини ўз назоратига олгани ҳақида ҳам хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия раҳбари идораси Президент Башар Асад миллий ва конституциявий бурчларини бажараётган Дамашқда эканлиги ҳақида хабар берганди.