Алиев аш-Шарани Озарбайжонга таклиф қилди
Олам
−
15 Февраль
2434Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Сурия ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний)ни Бакуга таклиф қилди. Бу ҳақда унинг аш-Шарага йўллаган мактубида сўз боради.
Озарбайжон етакчиси Аҳмад аш-Шарани Сурия Араб Республикасининг ўтиш давридаги президенти вазифаларини қабул қилгани билан табриклаб, Сурия халқи фаровонлиги йўлидаги масъулиятли фаолиятида муваффақиятлар тилаган.
Озарбайжон давлати раҳбари расмий Баку Озарбайжон ва Сурия ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият беришини таъкидлаган.
“Озарбайжон мамлакатингиз учун ушбу муҳим ўтиш даврида зарур ёрдам ва кўмак кўрсатишга тайёр”, деб таъкидлади Алиев.
Унинг сўзларига кўра, Озарбайжон-Сурия муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш учун яхши имкониятлар пайдо бўлган. Илҳом Алиев Аҳмад аш-Шарани Озарбайжонга ташриф буюришга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрда Сурияда ҳокимиятни эгаллаган Аҳмад аш-Шара (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) жорий йил 29 январь куни мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинганди. 2 февраль куни у Саудия Арабистонига илк хорижий ташрифини амалга оширди. Мазкур ташриф доирасида у Ар-Риёдда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашди. 3 февраль куни у Макка шаҳрида Умра зиёратини амалга оширди. Унга Каъба эшиклари ҳам очиб берилди. Аш-Шаранинг 2-хорижий сафари Туркияга бўлди. Аш-Шара музокаралар чоғида ҳукм сурган ижобий атмосфера учун Эрдўғанга миннатдорлик билдириб, Туркия Президентини энг қисқа вақт ичида Сурияга ташриф буюришга таклиф қилди.
Кейинчалик Франция Президенти Эммануэль Макрон телефон суҳбати якунида Аҳмад аш-Шарани Парижга таклиф қилди. 12 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин ҳам Суриянинг ўтиш даври президенти билан телефон орқали суҳбатлашди.