ЖССТ Ҳиндистоннинг яна бир сиропидан огоҳлантирди

Саломатлик

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган яна бир йўтал сиропининг хавфли оқибатларидан огоҳлантирди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди

Қайд этилишича, ЖССТ кеча, 7 август куни Ироқда сотилаётган Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Cold out” номли йўтал сиропи ҳақида огоҳлантириш эълон қилган. Дори воситасининг таркибидан токсинлар аниқлангани учун шундай қарорга келинган. 

“Маҳсулотнинг сифатсиз партияси хавфли ва ундан фойдаланиш, айниқса, болаларда, жиддий асоратлар ёки ўлимга олиб келиши мумкин”, дейилади ташкилот огоҳлантиришида. 

Бу сўнгги 10 ойда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган дори воситаларидан бешинчи бор огоҳлантириш эълон қилиниши ҳисобланади. 

ЖССТ хабарига кўра, мазкур сироп Ҳиндистоннинг Fourrts компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. 

Ироқ дорихоналаридан топилган партиядаги дорилар таркибида 0,25 фоиз диетилен гликол ва 2,1 фоиз этилен гликол мавжудлиги аниқланган. Ушбу моддаларнинг ЖССТ томонидан қабул қилинган хавфсизлик чегараси эса 0,10 фоизни ташкил қилади. Сиропнинг ишлаб чиқарувчиси ЖССТга маҳсулот сифати ва хавфсизлиги бўйича кафолатларни тақдим этмаган. 

ЖССТ сиропнинг токсик таъсири қорин оғриғи, қусиш, диарея, сийдик чиқара олмаслик, бош оғриғи, руҳий ҳолатнинг ўзгариши ва ўлимга олиб келадиган ўткир буйрак етишмовчилигига сабаб бўлишини қайд этган. 

Айни пайтда Ироқда дорихоналардан “Cold out” сиропини қайтариб олиш бошланган. 

Маълумот учун, Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлганди. Кейинроқ компания дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан  “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.

Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.

28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб, яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.

Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди. 

Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.

Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.

2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ҳақида хабар берилганди.

Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ Ҳиндистон огоҳлантириш сироп токсинлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made