ФВВ огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
19 Декабрь
14206Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кунлар совиши муносабати билан республика аҳолиси ҳамда ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарларига мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳаво ҳароратининг пасайиб, кунлар совиши оқибатида электр, газ ёки бошқа ёқилғида ишлайдиган иситиш мосламаларидан фойдаланишга эҳтиёж ортади. Улардан фойдаланишда эътиборсизлик туфайли ёки носоз, ностандарт иситиш мосламаларини ишлатиш оқибатида ис газидан заҳарланиш, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ва ёнғинлар содир бўлиши мумкин.
Бундай ҳолатларга тушмаслик учун уй-жой секторлари, ижтимоий-иқтисодий соҳа объектларидаги газ, электр ва бошқа ёқилғида ишловчи иситиш мосламаларини соз ҳамда шай ҳолатга келтириш чораларини мавсум бошланишидан аввал амалга ошириш зарур. Акс ҳолда иситиш мосламалари билан боғлиқ турли нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин.
Мавсум давомида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш лозимлиги муносабати билан аҳолидан қиш мавсумида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилиш сўралади:
- ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланмаслик;
- электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланиш;
- иситиш мавсуми бошланишидан аввал, иситиш печлари ва улар дудбуронларининг созлиги, қувурларнинг ҳар хил маҳсулотлар билан беркилиб қолмаганлигини кўздан кечиринг ва дудбурон орқали ҳаво тортиш кучига алоҳида аҳамият қаратиш;
- иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришиш;
- носоз, қўлбола иситиш мосламаларидан фойдаланманг, стандарт талабларига жавоб берадиган иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг йўриқномасидан фойдаланиш;
- иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик;
- газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик;
- газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиш;
- газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилиш;
- ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритмаслик;
- газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланиш ва уларнинг доимий созлигига эътибор бериш.
“Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” ёки “1050” телефон рақамига хабар беринг. Ушбу қоидаларга риоя этиш билан Сиз ўзингиз ва яқинларингизни ҳамда уй-жойингизни турли бахтсиз ҳодисалар ва асраб қолган бўласиз”, дейилади мурожаатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилояти Асака туманида эр-хотин яшаш хонадонида қўлбола усулда ясалган иситиш печига солинган кўмир ёқилғисидан сизиб чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этганди. 15 декабрь куни эса Тошкент вилояти Пискент туманида ҳам келин-куёв номаълум моддадан заҳарланиб, вафот этган.