Telegram iPhone эгаларини оммавий хакерлик ҳужуми хавфидан огоҳлантирди

Олам

−

visibility693 timer2 дақиқа

image

Telegram iOS операцион тизимининг эски версияларидан фойдаланаётган iPhone эгалари оммавий хакерлик ҳужумига учраши мумкинлигидан огоҳлантирди. Павел Дуровнинг айтишича, айрим ҳолларда телефонни бузиб кириш учун шунчаки зарарли сайтни очишнинг ўзи кифоя қилиши мумкин. Бу ҳақда Telegram асосчиси Павел Дуров X ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“iPhone фойдаланувчилари оммавий равишда хакерлик ҳужумига учрамоқда. Агар iOS версиянгиз ҳатто бироз эскирган бўлса ҳам, барча маълумотларингиз хавф остида. Телефонни бузиб кириш учун шунчаки бирор сайтни очишнинг ўзи кифоя қилиши мумкин. Биз iOS’нинг эски версияларидан фойдаланаётган барча фойдаланувчиларимизга ушбу огоҳлантиришни юборяпмиз”, деб ёзган Дуров.

Telegram юборган хабарда операцион тизимнинг эскирган версияларида хавфсизлик заифликлари мавжудлиги, бу эса фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ва аккаунтларига хавф туғдириши айтилган. Мессенжер телефонни ҳимоя қилиш учун iOS’нинг мавжуд сўнгги янгиланишини ўрнатишни тавсия қилган.

Аввалроқ, Apple ҳам веб-контентни қайта ишлаш билан боғлиқ заифликларни бартараф этиш учун бир неча бор янгиланишлар чиқарган. Хусусан, 2025 йил март ойида компания iOS 18.3.2 версиясини ўрнатишни тавсия қилган. Ушбу янгиланиш браузернинг WebKit механизмидаги хавфсизлик муаммосини бартараф этган.

Apple маълумотларига кўра, махсус тайёрланган зарарли веб-контент браузернинг ҳимояланган муҳитидан чиқиб кетиши мумкин бўлган. Компания ушбу заифликдан iOS 17.2 дан олдинги версиялардан фойдаланаётган айрим шахсларга қарши мураккаб ҳужумларда фойдаланилган бўлиши мумкинлигини билдирган.

2026 йил июль ойида эса Apple хавфсизликка оид қарийб 90 та тузатишни ўз ичига олган iOS 26.6 янгиланишини чиқарган. “Forbes“ нашри киберхавфсизлик мутахассисларига таяниб, ушбу тузатишлар орасида WebKit билан боғлиқ заифликлар ҳам бартараф этилганини ёзган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг