“Док-1 Макс” ичиб вафот этганлар яна бир кишига кўпайди
3-саҳифа
−
29 Декабрь 2022
8687“Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб вафот этганлар сони яна бир кишига кўпайди. Мазкур дори воситаси қурбони Қашқадарё вилоятида аниқланди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туманида яшаган 2021 йилда туғилган бола 5 кун давомида “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиб, соғлиги ёмонлашган. Жорий йилнинг 27 декабрь куни уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий амалий маркази Қашқадарё филиалига олиб келишган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, бола кеча, 28 декабрь куни вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Сизлардан “Док-1 Макс” дори воситаларини қабул қилмасликни, ушбу дори воситалари сотилаётганлиги ҳамда тавсия қилинаётганлигидан хабар топсангиз, дарҳол прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришингизни сўраймиз”, дейилади прокуратура хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг жорий йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь