Дунёда безгак касаллигига чалиниш ҳолатлари ошмоқда – ЖССТ
Саломатлик
−
14:26
4042023 йилда дунё бўйича безгакка чалинганлар сони 263 миллион нафарни ташкил этди ва ушбу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 11 миллион нафарга ортди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида сўз боради.
Маълум қилинишича, беморлардан 597 минг нафари ҳаётдан кўз юмган. Вафот этганларнинг катта қисми 5 ёшгача бўлган болалардир. Эпидемиядан асосан Африка минтақаси аҳолиси азият чекмоқда.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебреисусга кўра, замонавий тиббиёт ютуқлари ҳисобга олинса, ҳеч ким безгакдан ўлмаслиги керак. Ҳозир бунга қарши курашиш воситалари мавжуд. Бу борадаги профилактика, диагностика ва даволаш усуллари самарадорлиги ҳам юқори.
Қолаверса, сўнгги йилларда безгакка қарши иккита вакцина яратилган. Эмлаш орқали ҳар йили ўн минглаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
Шунга қарамай, Африка минтақаси аҳолиси, айниқса, болалар ва ҳомиладор аёллар бу касаллик қурбонига айланмоқда. Экспертлар инфекция ўчоқлари аниқланган мамлакатларга кўмак бериш йўли билан эпидемияни жиловлаш имкони бор, деган фикрда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЖССТ сил касаллигига чалинишнинг глобал мониторингини бошлаганидан бери энг юқори кўрсаткични қайд этгани ҳақида хабар берилганди. Ҳисоботга кўра, сил касаллиги бўйича 2023 йилда 8,2 миллион кишига ташхис қўйилган, 2022 йилга нисбатан 0,7 миллионга кўпдир.
LiveБарчаси