ЖССТ раҳбари Россиянинг туғуруқхонага ҳужумини қоралаб чиқди
Олам
−
03 Март 2022
5054Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебреисус Украинада қийин аҳволда қолган украиналикларга ёрдам кўрсатиш учун гуманитар йўлак очишга чақирди. Бу ҳақда БМТ матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Эндиликда гуманитар ходимларнинг муҳтожларга хавфсиз ва узлуксиз етиб боришини ва юкларни етказиб бериш имкониятини таъминлаш учун шошилинч йўлакларни яратиш зарур", дейди ЖССТ раҳбари.
Женевада бўлиб ўтган анжуманда сўзлаган Гебреисус “Украинага қарши ҳужум вақтида шифохоналар ва бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига бир неча бор қуролли ҳужум уюштирилгани” ҳақидаги хабарлардан жиддий хавотида эканини маълум қилган.
"Соғлиқни сақлаш инфратузилмасига қилинган ҳужумлар халқаро гуманитар ҳуқуқни бузишдир", дейди у.
ЖССТ раҳбари тиббиёт ходимлари ва шифохоналар, беморлар ва уларни ташиш воситаларининг “иммунитети ва бетарафлиги”ни эслатди.
"Ҳар кимнинг соғлиқни сақлаш хизматидан хавфсиз фойдаланиш ҳуқуқи ҳурмат қилиниши ва ҳимоя қилиниши керак", дейди бош директор.
Эслатиб ўтамиз, 1 март куни Россия ҳарбийлари мудофаасини ёриб ўтишга уринаётган Украина пойтахти Киев яқинидаги хусусий “Адонис” туғуруқ комплекси ҳужумга учради. Туғуруқхонага снаряд келиб урилган.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ ва Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь