Жиззахда янги тош даврига оид маконлар ва 30 га яқин петроглиф топилди

Local

−

image

Жиззах вилоятининг Зомин ва Шароф Рашидов туманларида олиб борилган археологик қидирувлар давомида тош даврига оид янги маконлар ҳамда 30 га яқин қоятош тасвири аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йил сентябрь ойида Маданий мерос агентлиги ҳамда Я. Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ходимлари томонидан ҳудудларда дала-қидирув ишлари олиб борилган.

Тадқиқотлар давомида Зомин туманидаги Аччи қишлоғининг шарқий қисмида палеолит, Пешaғор қишлоғида эса неолит даврига оид маконлар аниқланган. Шунингдек, Аччи қишлоғининг ғарбий қисми ва Аржа қишлоғи ҳудудларида неолит даврига мансуб топилмажойлар қайд этилган.

Мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, бир ҳудудда палеолит ва неолит даврларига оид ёдгорликларнинг топилиши қадимги жамоалар Зомин воҳаси ва Туркистон тизмасининг ушбу қисмида узоқ вақт давомида яшаб, ундан мунтазам фойдаланганини кўрсатади.

Бундан ташқари, Шароф Рашидов туманининг Равот қишлоғи ҳудудида, Равотсойнинг чап соҳилида янги қоятош суратлари мажмуаси топилган. Етти дона сланец қоятош юзасида жами 30 га яқин петроглиф қайд этилган.

Тасвирлар орасида овчи, тоғ эчкиси, қорамол, ит, қуёшсимон белги ва камондан ўқ узaётган овчи акс этган. Дастлабки таҳлилларга кўра, петроглифлар бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган даврга оид.

Қайд этилишича, янги топилмалар Жиззах воҳаси ва Туркистон тизмасининг қадимги тарихини, жумладан, бу ҳудудларда яшаган жамоаларнинг турмуш тарзи, тарқалиши ва маданий жараёнларини ўрганишда муҳим илмий манба ҳисобланади. Келгусида ушбу ёдгорликларда кенг кўламли тадқиқотлар ўтказилиб, топилмалар даврлаштирилади ва илмий ҳужжатлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманидаги Одирмон ёдгорлигида милоддан аввалги III асрдан милодий III асргача бўлган даврга оид қадимий оташгоҳ ва инсон суякларини сақлаш учун мўлжалланган оссуарий топилганди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends