Жээнбеков Хавфсизлик кенгаши раҳбариятини ҳам лавозимидан озод қилди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат Хавфсизлик кенгаши котиби Дамир Сагинбаевни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Матбуот хизмати хабар берди.

“Президент Дамир Сагинбаевни Қирғизистон Республикаси Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади”, дейилган хабарда.

Шунингдек, Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Омурбек Суваналиев ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган.

Аввалроқ, Жээнбеков Қирғизистон Бош вазири Кубатбек Боронов, Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Орозбек Опумбаевни ҳамда Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи Райимберди Дуйшенбиевни лавозимидан озод қилганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

170

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг