Жээнбеков Қирғизистон Ҳукуматини истеъфога чиқарди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакат Ҳукуматини истеъфога чиқариш тўғрисидаги қарорни имзолади. 

Қарор билан Бош вазир Кубатбек Боронов ва унинг Ҳукумати истеъфога чиқарилди.

Жээнбеков шунингдек, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Орозбек Опумбаевни ҳам лавозимидан озод қилди.

Қирғизистонда юзага келган сиёсий инқироз вақтида Бош вазир лавозимига иккита номзод кўрсатиляпти. Булар: Садир Жапаров ва Омурбек Бабанов.

Аввалроқ, импичменти ҳақида гап-сўзлар урчиган Сооронбай Жээнбеков мамлакатдаги сиёсий вазият тинчигандан кейин истеъфога чиқишга тайёрлигини билдирганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made