Жээнбеков истеъфо бериши учун шартларини очиқлади

Олам

image

Аввалроқ, Қирғизистон Президенти Сооронбай Жээнбеков ўз хоҳиши билан лавозимини тарк этмаслиги ҳақида хабар қилинганди.

Бугун, 9 октябрь куни Жээнбеков халқига яна бир бор мурожаат йўллаб, лавзоимидан истеъфо бериш шартини очиқлади.

“Янги парламент сайловлари белгиланиши керак. Бу масалада қарорни Марказий сайлов комиссияси қабул қилади. Бу чоралар ҳозирги сиёсий кескинликни юмшатади”, деган Президент.

Шу билан бирга инқирозгача ишлаган Бош вазир ва Ҳукуматни истеъфога чиқариш керак. Бу янги тайинловлар амалга ошириш учун қонуний асос яратади.

“Парламентарийлар ўз мажбуриятини бажара олиши учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари депутатлар хавфсизлигини таъминлаши керак. Ижро этувчи идораларнинг қонуний раҳбарлари тасдиқлангандан кейин ва мамлакат қонуний йўлга тушиб олгач, мен Қирғизистон Республикаси Президенти лавозимидан кетишга розиман”, деган Жээнбеков.

Президент матбуот котиби Толгонай Стамалиеванинг сўзларига кўра, истеъфога чиққани айтилган Бош вазир Кубатбек Бороновнинг аризасини Президент имзоламаган. Бундай ариза давлат раҳбарига келмаган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Президент Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Уларнинг ўрнига мухолифат вакиллари тайинланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сооронбай Жээнбеков Қирғизистондаги вазият

Баҳолаганлар

372

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг