Жээнбеков халқдан кечирим сўради

Олам 16297
image

Бугун, 16 октябрь куни Бишкекдаги “Ала-Арча” давлат резиденциясида парламентнинг навбатдан ташқари мажлиси ўтказиляпти. Кун тартибидан Президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфоси масаласи жой олган.

Сессияда давлат раҳбари ҳам иштирок этяпти. Сооронбай Жээнбеков ўз нутқида халқдан кечирим сўраб, ўзи билан ишлаган барчага миннатдорлик билдирди.

“Мамлакат учун қийин бўлган пайтда, вазиятни тиклаш учун ҳамма нарсани қилдим. Мен учун ҳар бир ватандошнинг ҳаёти ва соғлиғи азиздир. Мен кетишга қарор қилдим. Жамият бу қарорни ҳар хил қабул қилди, тўғрими ёки йўқми, буни вақт ва тарих кўрсатиб беради. Худо ва халқ олдида менинг виждоним тоза”, деган Жээнбеков.

У барча тўпланган тажрибаларини одамларга хизмат қилиш учун ишлатишни ният қилганлигини билдирди.

“Менинг олдимда жуда кўп вазифалар бор эди. Хусусан, Қирғизистон-Хитой темир йўлининг қурилиши. Биз ушбу йўналишда ишладик, лойиҳа амалга оширила бошлади. Ушбу йўл бизга ҳаводек керак ва мен лойиҳани тўлиқ амалга оширилишини истайман. Мен халқдан узр сўрайман”, дея қўшимча қилган Сооронбай Жээнбеков.

Маълумот учун, Жээнбеков кеча Қирғизистон Президенти лавозимидан истеъфога чиққанини маълум қилди. Вақтинча унинг вазифасини бажариши керак бўлган парламент спикери Канат Исаев бу вазифани бажаришдан бош тортди. Эндиликда Конституцияга кўра, Президент ваколатлари мамлакатнинг янги Бош вазири Садир Жапаровга ўтади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сайловнинг дастлабки натижасидан норози партиялар тарафдорлари Бишкекда норозилик намойишини бошлади. Кейинроқ намойиш тартибсизликка айланиб кетди. 

Намойишчилар аввало мамлакат парламенти биноси – Оқ уйни эгаллади. Бу бинода Президент Администрацияси ҳам жойлашган. 6 октябрь эрталаб Ҳукумат биноси ҳам намойишчилар қўлига ўтгани маълум бўлди.

Бундан ташқари, акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносига бостириб кириб, у ерда сақланаётган собиқ Президент Алмазбек Атамбоевни озод қилди. Шунингдек, сиёсий маҳбуслардан собиқ Бош вазир Сапар Исаков ҳам қамоқдан чиқарилди. Озод қилинганлар орасида Бишкек шаҳрининг собиқ мэри Албек Ибраимов ҳам бор.

Сооронбай Жээнбеков юз бераётган тартибсизликлар бўйича баёнот бериб, баъзи сиёсий кучлар давлат ҳокимиятини ноқонуний равишда эгаллаб олишга уринганини айтиб ўтди.

Намойишлар авж олган паллада Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини тан олмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳозиргача Жўқорғу Кенеш спикери Дастан Жумабеков ва мамлакат Бош вазири Кубатбек Боронов истеъфога чиқди. Кейинроқ парламентга Канат Исаев спикер этиб сайланди.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистонда юз бераётган воқеаларга муносабат билдириб, жиддий ташвишда эканини билдирди.

Жээнбеков вазиятни изга солиш учун 9 октябрь куни Бишкекда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Кейинроқ бу режим яна узайтирилди. Ҳарбийларнинг Бишкекка кириши натижасида намойишлар ва талончиликлар тўхтади.

Кеча, 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати Қирғизистоннинг янги Ҳукуматини тан олди

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 276
Рейтинг: 3
t
×