Зеленскийнинг танқидидан сўнг Шольц тилга кирди
Олам
−
14 Июнь 2022
22913Германия Украинага ҳарбий ёрдамни кенгайтиради ва қўшимча қуроллар етказиб беради. Бу ҳақда мамлакат канцлери Олаф Шольц маълум қилди, дея хабар берди “Интерфакс”.
“Биз қўллаб-қувватлашимизни сезиларли даражада кенгайтирмоқдамиз. Хусусан, Украинани замонавий ракетага қарши мудофаа тизими ва артиллерияни аниқлаш учун радар билан таъминлаймиз”, дейди Шольц.
Эслатиб ўтамиз, 8 июнь куни Шольц Германия Украинага оғир қуроллар етказиб беришдан бош тортмоқчи эмаслигини ва янги етказиб беришни режалаштираётганини эълон қилган эди.
Унинг эслатишича, Германия аллақачон Украинага ракетага қарши қуроллар, бронетранспортёрлар ва ўқ-дорилар етказиб берган. Бундан ташқари, Германия парламенти мамлакатнинг “Гепард” ўзиюрар зенит қурилмалари ва PzH 2000 (немисча Panzerhaubitze 2000) ўзиюрар артиллерия қурилмаларини етказиб беришга келишиб олган.
Маълумот учун, Украинанинг турли даражадаги расмийлари Германияни Киевга ваъда қилинган қуролларни кечиктираётгани учун тобора кўпроқ танқид қилмоқда. Май ойи охирида Украинанинг Германиядаги элчиси Андрей Мельник Олаф Шольцни етакчилик етишмаслигида ва Украина манфаатларига эътиборсизликда айблаганди.
Кейинчалик у Шольц “аслида оғир қуролларни етказиб беришни хоҳламаслигини ва шунчаки ўт очишни тўхтатишни кутаётган бўлиши мумкинлигини” айтди.
Бундан ташқари, Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц Россиянинг Украинага қарши бошлаган уруши бўйича Берлиннинг позициясини аниқ белгилаши кераклигини билдирганди.
Маълумот учун, Олаф Шольц Италия Бош вазири Марио Драги ва Франция Президенти Эммануэль Макрон билан биргаликда 16 июнь куни Украинага ташриф буюриши мумкин. Аммо унинг ўзи бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси