Зеленский уруш қандай тугашини айтди
Олам
−
24 Май 2022
19081Россиянинг Украинага қарши уруши кўплаб одамларнинг ўлими ва кўплаб украин оилаларининг азобланиши билан якунланади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Давосдаги (Швейцария) Украина уйида видеоалоқа шаклида савол-жавоб тарзида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
Хусусан, ундан қачондир Россия Президенти Владимир Путин билан тинчлик шартномаси имзоланишига умид борми, деб сўралган.
“Мен ҳар қандай уруш дипломатия билан тугашини тушунаман. Дипломатия тинчликка олиб келиши мумкин. Тинчлик – ҳар бир оддий одамнинг орзуси, ишонинг, фронтдагининг ҳам, диванда ўтирганнинг ҳам. Баъзида диванда, ижтимоий тармоқларда ўтирганлар, улар ўйлагандек, бизни фронтда ҳимоя қиладиганларга қараганда кучлироқ жанг қилишлари рост, бу замонавийлик”, дея таъкидлаган Зеленский.
Украина Президенти урушнинг қандай тугаши борасида шундай фикр билдирди:
“Бизнинг урушимиз қандай тугайди? Келинг, холис қарайлик – кўплаб оилалар азоби, кўп сонли одамларнинг ўлими, қариндош-уруғ ва дўстларнинг катта йўқотишлари, фарзандларидан узоқроқ умр кўрган ота-оналарнинг (азоблари) билан тугайди. Бу фарзанд бор ва фарзанди бўлмаганлар учун бирдек фожиа, аминманки, бу туйғуни ҳамма тушунади. Буларнинг барчаси фожиа”.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси