Зеленский Украинанинг кунлик йўқотишлари бир неча баравар камайганини айтди

Олам

image
0:00
0:00
download

Украинанинг жангларда кунлик йўқотишлари сўнгги пайтларда бир неча баравар камайди. Бундай маълумотни Президент Владимир Зеленский “The Wall Street Journal” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Зеленскийнинг сўзларига кўра, Украина армияси ҳар куни 30 га яқин кишини йўқотмоқда ва 250 га яқин киши жароҳат оляпти. У Украина уруш бошланганидан бери қанча одамни йўқотгани ҳақидаги саволга жавоб беришдан бош тортган.

Зеленский шунингдек, босиб олинган ҳудудлар қайтарилмасдан Россия билан сулҳ тузиш имкониятини ҳам рад этган.

“Бу кит, иккита вилоятни еб, энди: “Келинг, можарони музлатиб қўяйлик”, деяпти. Кейин икки-уч йил дам олади, яна икки вилоятни еб-ичади ва яна: “Келинг, можарони музлатиб қўяйлик”, дейди. Ва шундай давом этаверади. Юз фоиз”, деган Украина Президенти.

1 июнь куни Зеленский ҳар куни жанг майдонида 60-100 нафар украина аскари ҳалок бўлаётганини айтганди. 10 кундан кейин унинг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина армиясининг йўқотишлари кунига тахминан 100 дан 200 кишигача эканини айтганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг