Зеленский Украина урушда қанча аскарини йўқотганини айтди

Олам

image

Россияга қарши курашаётган Украина уруш бошлангандан бери 1300 нафар атрофида ҳарбийларини йўқотди. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский матбуот анжуманида маълум қилди.

“Биздан  тахминан 1 300 нафар ҳарбий ҳалок бўлди”, деган Зеленский.

Россия Мудофа вазирлиги 11 март ҳолатига кўра, 3,2 мингдан ортиқ ҳарбий инфратузилма объектлари, шунингдек, 98 та самолёт, 1041 та танк ва бошқа зирҳли жанговар техникалар, 113 та ялпи реактив ракета тизими ва 118 та дрон йўқ қилинганини билдирди.

Шу билан бирга РФ Мудофаа вазирлиги ўзининг йўқотишлари ҳақида бир марта, 2 март куни маълумот берди. Унга кўра, операция давомида 498 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлган, 1597 нафари яраланган. Россия ҳарбий департаментининг маълумотларига кўра, 2870 дан ортиқ украин аскари ҳалок бўлган ва 3700 га яқини яраланган.

Аввалроқ Зеленский Россиянинг урушдаги йўқотишлари ҳақида ҳам маълумот берганди. Унинг сўзларига кўра, 16 кунлик уруш давомида русларнинг 31 та батальон-тактик гуруҳи жанговар самарадорлигини йўқотган, 360 дан ортиқ танк, 1205 та зирҳли техника, 60 га яқин самолёт ва 80 та вертолёт йўқ қилинган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

77

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг