Зеленский Цзиньпиннинг Путинга “тиши ўтиши”га ишоняпти

Олам

image

Хитой Россиянинг Украинага ҳужумини тўхтатиш учун етарлича дастакларга эга. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский “South China Morning Post” нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Хитой жуда қудратли давлат, қудратли иқтисод... Демак у Россияга сиёсий ва иқтисодий таъсир кўрсатиши мумкин. Хитой ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашининг аъзоси”, деган Зеленский.

Зеленский Россиянинг кенг кўламли босқини бошлаганидан сўнг, Украина томонидан ташаббус билдирган бўлса-да, Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан бирорта ҳам суҳбатлашмаганини айтган.

“Мен тўғридан-тўғри гаплашмоқчиман. Мен бир йил олдин Си Цзиньпин билан бир марта суҳбатлашган эдим. 24 февралда кенг кўламли тажовуз бошланганидан бери биз расман суҳбатлашишни сўраган эдик, аммо Хитой билан бирорта ҳам суҳбат ўтказмадик, ваҳоланки бу фойдали бўлишига ишонаман”, деган Зеленский.

У Хитойнинг урушга нисбатан “мувозанатли” муносабатини сақлаб қолиш истагини тушунишини таъкидлаган.

Украина раҳбарининг сўзларига кўра, Хитой Россия Президенти Владимир Путинни урушни тўхтатишга мажбурловчи иқтисодий босим дастакларига эга.

“Ишончим комилки, Хитой бозорисиз Россия тўлиқ иқтисодий изоляцияни ҳис қилади. Уруш тугамагунча Хитой Россия билан савдони чеклаш учун шундай қилиши мумкин”, деган давлат раҳбари.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати юқори энергия нархидан қўшимча пул тушумларини ўз фуқароларининг турмуш даражасини яхшилашга эмас, балки “Украинага қарши курашда қўллайдиган махсус қуролларга” сарфламоқда.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

26

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг