Зеленский Россияни қандай қуроллар билан мағлуб эта олишини айтди

Олам

image

Президент Владимир Зеленский дунё халқларини Украинага зудлик билан оғир артиллерия, оғир зирҳли техникалар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва Россия агрессиясини тўхтатиш учун самолётлар етказиб бериши учун ўз мамлакатлари раҳбарларига таъсир ўтказишга чақирди. Бу ҳақда Зеленскийнинг видеомурожаатида сўз боради.

“Турли экспертлар, агар Россия бостириб кирса, Украина бир ҳафтадан ортиқ дош беролмаслигини айтишди. Биз нафақат рус армиясини тўхтата олдик, балки уларни ортга суриб ташладик! Лекин урушимиз ҳали тугамаган. Бу фақат биринчи раунд эди. Путин ва унинг армияси ўз стратегиясини ўзгартирмоқда, улар Харьков ва бутун Донбассга, жумладан Мариуполга янада кўпроқ босим ўтказиш учун ўз қўшинларини кучайтирмоқда”, деган Зеленский.

Президентнинг қайд этишича, Россия Украинада тўхташ ниятида эмас.

"Путиннинг ташвиқот машинаси Европа Украинадан кейинги “кейинги мантиқий нишон” эканини очиқ айтмоқда. Шунинг учун ё Ғарб Украинага Путинни ҳозир тўхтатишга ёрдам беради, ёки Путин ўз Россия империясини кенгайтиришда давом этади ва бу жараёнда минглаб аёллар ва болаларни ўлдиради. У аллақачон Мариуполь, Харьков, Буча ва Украинанинг бошқа шаҳарларида шундай қилди”, дейди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, жаҳонни Россия агрессиясидан қаҳрамонона ҳимоя қилишда давом этиш учун Украинага қуйидаги рўйхатда келтирилган қуроллар керак:

•    артиллерия қурилмалари (155 мм калибрли) ва ўқ-дорилар;
•    артиллерия снарядлари (152 мм калибрли), иложи борича кўпроқ;
•    ялпи реактив ҳужум тизимлари: “Град”, “Ураган” ёки Американинг M142 HIMARS;
•    бронетранспортёрлар (зирҳли транспорт воситалари, пиёда аскарларнинг жанговар машиналари ва бошқалар);
•    танклар (Т-72, америка ёки немис аналоглари);
•    ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари (С-300, “Бук” ёки шунга ўхшаш замонавий Ғарб ҳаво мудофаа тизимлари);
•    ҳарбий авиация.

“Биз бутун дунёдан бирлашишни ва бу шафқатсиз тажовузга қарши курашда бизга ёрдам беришни сўраймиз. Бу ёвузликни биргаликда енгиш учун Украинага ҳозир қурол беринг”, деган Зеленский.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

298

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг