Зеленский Россияга ўз хатосидан келадиган зарарни камайтиришни маслаҳат берди
Олам
−
19 Март 2022
12818Россия Федерацияси билан Украина хавфсизлиги бўйича мазмунли, ҳалол ва шошилинч музокаралар РФга ўз хатоларидан зарарни камайтириш учун ягона имкониятдир. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский маълум қилди.
"Украина хавфсизлиги мазмунли, ҳалол ва кечиктиришларсиз тинчлик музокаралари Россияга ўз хатоларидан зарарни камайтириш учун ягона имкониятдир.
Биз доимо музокаралар олиб боришни талаб қилиб келганмиз. Биз доимо мулоқотни таклиф қилганмиз, тинчлик учун ечимлар таклиф қилганмиз. Фақат босқиннинг 23 кунида эмас.
Ва мен ҳозир ҳамма мени эшитишини хоҳлайман, айниқса Москвада. Учрашув вақти келди. Гапириш вақти келди. Украина учун ҳудудий яхлитлик ва адолатни тиклаш вақти келди. Акс ҳолда, Россиянинг йўқотишлари шундай бўладики, ҳатто бир неча авлодлар ҳам сизнинг юксалишингиз учун етарли бўлмайди”, деган Зеленский.
Маълумот учун, кеча, 18 март куни Украина билан музокараларда Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский Москва ва Киев Украинанинг нейтрал мақоми, унинг НАТОга қўшилмаслиги борасида “позицияларини иложи борича яқинлаштиришганини” айтганди.
Россия Федерацияси билан музокараларда қатнашаётган Украина делегацияси аъзоси, Президент девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подолякнинг айтишича, Россия томонининг музокаралар ҳақидаги баёнотлари оммавий ахборот воситаларида кескинликни қўзғатишга қаратилган. Унга кўра, Украина позициялари ўзгармади – ўт очишни тўхтатиш, қўшинларни олиб чиқиш ва аниқ формулалар билан ишончли хавфсизлик кафолатлари.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15