Зеленский Путиннинг талабларини халқ муҳокамасига қўймоқчи. Кремль бунга нима дейди?
Олам
−
22 Март 2022
15506Кремль жараёнга зарар етказмаслик учун Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокаралар тафсилотларини ошкор қилмаяпти. Бу ҳақда бугун, 22 март куни Президент Матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан мулоқотида сўз очди.
Хўш, Кремль Владимир Зеленскийнинг Украинада Россия билан муроса қилиш бўйича эҳтимолий референдум ҳақидаги ғоясига қандай қарайди? Песков ушбу саволга жавоб берар экан, “Украина суверен давлат ва баъзи ички тартиб-қоидалар бўлиши мумкин ва бўлиши керак” деб ҳисоблашини айтган.
“Аммо бундан ташқари, икки делегация ўртасидаги музокаралар босқичида бўлган модда ҳам бор. Мен бу моддаларнинг тафсилотларига аралаша олмайман, ишончимиз комилки, ҳозирда уларни оммага ошкор қилиш биз хоҳлаганимиздан анча секинроқ ва аҳамиятсиз кечаётган музокаралар жараёнига фақат зарар етказиши мумкин”, дея қўшимча қилган Кремль вакили.
Песковга кўра, референдум агар делегациялар таклифлар тўпламини шакллантиргандан кейин ўтказилса, "музокаралар олиб бораётган гуруҳлар томонидан муҳокама қилиниши мумкин ва керак бўлган барча параметрлар билан боғлиқ".
“Музокаралар гуруҳимиз тўлиқ ваколатга, зарур тажрибага ва давлат раҳбарининг зарур сиёсий иродасига эга. Навбат украиналик ҳамкасбларимизда”, дейди Песков.
Қайд этилишича, Россия Федерациясининг Украина билан музокаралардаги позицияси оғзаки ва ёзма равишда аниқ шакллантирилган, ҳужжатлар Киев томонидан қабул қилинган, уларни нашр этиш режалаштирилмаган.
“Улар (РФ талаблари) Украина томонига яхши маълум. Айтишим мумкин бўлган нарса шу. Улар нафақат оғзаки тушунтирилади, балки ёзма равишда жуда аниқ шакллантирилади. Барча керакли ҳужжатлар лойиҳаси бир неча кун олдин украиналикларга топширилган”, дейди Песков.
Киевнинг талабларга жавоблари хусусида гапираркан, Песков, Украина ушбу ҳужжатларнинг айримларига жавоб берганини урғулади.
“Лекин биз ҳар сафар янада мазмунли ва тезроқ жавоб олишни хоҳлаймиз”, дея қўшимча қилади Песков.
Кремль вакили икки давлат делегациялари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи санасини очиқламаган.
Маълумот учун, Украина Президенти Владимир Зеленский куни кеча Европанинг қатор телеканалларига берган интервьюсида Россия билан ўрнатилиши мумкин бўлган муроса келишувлари, жумладан, хавфсизлик кафолатлари бўйича шартномалар Украинада референдумга қўйилиши кераклигини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15