Зеленский АҚШдан нималар кутаётганини айтди

Олам 11034
image
-

Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин билан учрашди.

“Интерфакс-Украина”нинг Президент девони Матбуот хизматига таяниб, хабар беришича, музокаралар аввалида Зеленский, Украина давлати учун шундай масъулиятли ва муҳим паллада Киевга америкалик юқори мартабали амалдорларнинг ташрифи муҳимлигини таъкидлаган.

“Биз Америка Қўшма Штатларининг Украинага мисли кўрилмаган ёрдамини қадрлаймиз. Ўзим ва бутун Украина халқи номидан Президент Байденга Украинани қўллаб-қувватлашдаги етакчилиги, шахсий позицияси учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Бутун Америка халқи ва Конгрессга икки палатали ва икки партиявий ёрдам учун миннатдорлик билдирмоқчиман. Биз буни кўряпмиз. Биз буни ҳис қиляпмиз”, деган Зеленский.

Президент АҚШ делегацияси билан расмий Киев учун устувор масалалар – мудофаа ёрдами, Россияга қарши санкциялар сиёсатини кучайтириш, Украинага молиявий ёрдам ва хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилган.

Зеленскийнинг таъкидлашича, Америка Қўшма Штатлари томонидан тақдим этилган 3,4 миллиард долларлик мудофаа ёрдами Украинанинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қўшилган энг катта ҳиссадир.

“Ушбу ёрдам Украинанинг мудофаа қобилиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга ёрдам бермоқда, бу бизнинг ҳимоячиларимиз учун жуда муҳим”, деган Президент.

Мулоқот чоғида санкциялар сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган, бу сиёсат кучайтирилиши ва Россия томонига таъсирнинг муҳим элементига айланиши кераклиги қайд этилган.

“Биз бу йўлда кейинги қадамлар нима эканлигини тушунамиз. Ва ҳамкорларимизнинг қўллаб-қувватлашига ишонамиз”, дея таъкидлаган Зеленский.

Президент Америка томонига Ермак-МcФаул халқаро экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган Россия Федерациясига қарши санкцияларни кучайтириш бўйича ҳаракат режасини топширган.

Учрашувда иқтисодиётга ёрдам бериш ва давлатни янада тиклаш учун Украинани молиявий қўллаб-қувватлашни кучайтириш йўлларини муҳокама қилар экан, Зеленский Қўшма Штатлар Украина товарлари Америка бозорига кириши учун имкониятларни кенгайтириши муҳимлигини таъкидлаган.

Учрашувда тинчлик жараёни ва урушга қарши коалицияни мустаҳкамлаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.

Зеленскийнинг айтишича, Украина Қўшма Штатларни келажакда мамлакат хавфсизлигига кафил давлатлар орасида етакчи сифатида кўради.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.3
t
×