Зеленский Лисичанск Россия назоратига ўтганини тасдиқлади
Олам
−
04 Июль 2022
11862Украина Президенти Владимир Зеленский Украина армияси қўмондонлиги қўшинларини Лисичанскдан олиб чиққанини тасдиқлади.
"Биз деворларни тиклаймиз, ерни қайтариб оламиз, энг муҳими одамларни ҳимоя қилиш керак. Ва агар армия қўмондонлиги одамларни душман энг катта олов устунлигига эга бўлган фронтнинг маълум нуқталаридан олиб кетса, бу Лисичанскга тегишли бўлса, бу фақат битта нарсани англатади - замонавий қурол-яроғлар таъминотини кўпайтириб, тактикамиз туфайли қайтамиз”, дейди Президент ўзининг Telegram-каналида эълон қилинган мурожаатида.
Кеча, 3 июль куни Киевда Австралия Бош вазири Энтони Албанес билан учрашуви якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Зеленский Лисичанск яқинида жанглар кетаётгани, ҳозирча шаҳар Россия назорати остида эканлиги ҳақида аниқ айтиш имкони йўқлигини айтганди.
Кеча Украина Бош штаби Лисичанск учун оғир жанглардан сўнг Украина армияси ўз позициялари ва сафларидан чекинишга мажбур бўлганини маълум қилди. Бош штабда таъкидланганидек, Лисичанск мудофаасини давом эттириш рус қўшинларининг шахсий таркиб ва қурол-яроғдаги "кўп устунлиги" туфайли "ҳалокатли оқибатларга" олиб келади.
3 июль куни Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россия Президенти Владимир Путинга Лисичанск шаҳри (Ўзбекистонда тан олинмаган – таҳр.) Луганск халқ республикаси назорати остига олингани ҳақида ҳисобот берди. Мудофаа вазирлигида таъкидланганидек, РФ Қуролли Кучлари ва ЛХР халқ милицияси шаҳар ва яқин атрофдаги бир қанча аҳоли пунктлари устидан тўлиқ назорат ўрнатди, уларнинг энг йириклари Белогоровка, Новодрузжеск, Малорязанцево ва Белая Гора.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси